Ўзбекистонда машина ва асбоб-ускуналар импорти неча фоизга ўсган?
Ташқи савдо айланмаси – мамлакатнинг муайян даврдаги экспорт ва импорт қийматларининг йиғиндисидир.
Ташқи савдо айланмаси – мамлакатнинг муайян даврдаги экспорт ва импорт қийматларининг йиғиндисидир. Ташқи савдо айланмасини ҳисоблашда асосан экспорт ва импорт қилинган товарлар ва хизматлар кўрсаткичларидан фойдаланилади.
2018 йил якунига кўра, мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси олдинги йилга нисбатан 25,8 фоизга ошиб, 33 миллиард 430 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бунда, амалга оширилган экспорт ҳажми 13 миллиард 990 миллион миллион АҚШ доллари (Ўсиш суръати - 11,4 фоиз)га ва импорт ҳажми 19 миллиард 439 миллион АҚШ доллари (суръати - 38,7 фоиз)га тенг бўлди.
Шунингдек, савдо айланмаси кўрсаткичларида экспорт таркибини таҳлил қиладиган бўлсак, экспорт товарлари ичида 2018 йил якунларига кўра энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари 65,9 фоизга ўсиб, бошқа экспорт товарлари ичида етакчилик қилаётганини ва аксинча, пахта толаси экспорти эса 53,4 фоизга камайганини кўриш мумкин. Буни эса, пахта хомашёсини юқори қўшилган қийматга эга бўлган тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтирилиши билан изоҳлаш мумкин.
Ўтган йил давомида 1 миллиард 300 миллион АҚШ доллари миқдорида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 14,7 фоизга ўсиб, умумий экспорт ҳажмининг 9,3 фоизини ташкил этган. Йил бошидан 348 турдан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари дунёнинг 57 та давлатига экспорт қилинган.
Импорт таркибига кўра эса, машина ва асбоб-ускуналар ўтган йилга нисбатан 65,4 фоизга ўсганини кўрсатиб ўтиш лозим. Ташқи савдо айланмаси, экспорт ва импорт кўрсаткичларига оид маълумотлар ҳар ойнинг якунида қўмитанинг www.stat.uz расмий сайтида, Давлат статистика кӱмитасининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси ва Telegram мессенжердаги гуруҳи орқали эълон қилиб келинмоқда.
Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларининг шакллантирилиши” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида юқоридаги маълумотлар хусусида фикр юритилди.
Унда Давлат статистика қўмитаси раҳбарияти, марказий аппарат тармоқ бошқармалари бошлиқлари, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Экспорт ва импорт борасидаги саволларга мутахассислар атрофлича жавоб берди.