ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити сезиларли даражада ўсди

Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити сезиларли даражада ўсди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) жорий йилнинг июнь ойида корхоналар ўртасида сўровнинг учинчи босқичини ўтказди. Сўровномада республиканинг барча ҳудудларидан 998 та корхона қатнашди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, баҳолаш Германиянинг ИФО институти томонидан ишлаб чиқилган «Бизнес иқлими индекси» методологияси асосида амалга оширилган.

Корхоналарни ўрганиш икки йўналишда олиб борилди: бизнеснинг ҳозирги ҳолатини сифатли баҳолаш ва тадбиркорларнинг кейинги 2-3 ой ичида ўз бизнесларини ривожлантириш истиқболига бўлган умиди.

Ўзбекистондаги бизнес иқлимини баҳолаш натижаларига кўра, қуйидагилар аниқланди:

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан алоқалар хизмати берган маълумотга кўра, бизнеснинг жорий ҳолати кўрсаткичи 30 пунктни ташкил этди (ўтган ойга нисбатан 15 пунктга кўпайган). Бу эса бизнеснинг жорий ҳолати билан боғлиқ ишбилармонлик кайфияти ўрта даражада ижобий эканлигини англатади.

Сўнгги 2-3 ой ичида бизнеснинг ривожланиш истиқболлари кўрсаткичи 74 пунктни ташкил этди, бу эса ўтган ойга нисбатан 44 пунктга кўпайганидан далолатдир.

Бизнес иқлими кўрсаткичи эса 51 пунктни ташкил қилди. Бу ўтган ойга нисбатан 29 пунктга кўпайганини англатади. Эътиборли жиҳати, мутахассислар томонидан Ўзбекистондаги бизнес иқлими «яхши» деб баҳоланмоқда.

4 854
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА