Ўзбекистонда 2020 йил ФАОнинг 32-ҳудудий конференцияси ўтказилади
Италия пойтахти Рим шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Минтақавий вазирлар конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Италия пойтахти Рим шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Минтақавий вазирлар конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарида келтирилишича, бугун, 23 июнь куни ушбу конференция мажлислари давомида Ташкилотнинг Европа учун 32-ҳудудий конференциясини Ўзбекистонда ўтказишга доир таклиф кўриб чиқилди. Музокаралар якуни бўйича ташкилотга аъзо давлатлар, шунингдек, Европа ва Осиё қитъасининг 51 мамлакати қишлоқ хўжалиги вазирлари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
Мазкур ҳудудий конференция 2020 йилнинг 5-7 май кунлари Марказий Осиё бўйича илк бор Ўзбекистонда ўтказилади.
Маълумот ўрнида, дунёда очликка қарши курашиш, қишлоқ ва ўрмон хўжалигини ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришиш ФАОнинг стратегик мақсадлари сифатида қайд этилади.
Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Қозоғистон, Миср, Чили ва Украина каби давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирлари, расмий доиралари вакиллари билан икки томонлама музокаралар олиб бормоқда.
Учрашувларда ФАОнинг Ўзбекистон бўйича янги лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда.