Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.08.2016 18:50 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда 2 минг 600 дан зиёд корхонада сифатни бошқариш тизимлари жорий этилган

“Ўзстандарт” агентлигида Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа ходимлари иштирок этди.

“Ўзстандарт” агентлиги бош директори А.Қурбонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, халқаро сифат стандартлари асосида фаолият кўрсатишга бўлган эътибор туфайли маҳсулотларимиз нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам мустаҳкам ўрин эгаллаётганини таъкидлади.

Айни пайтда агентлик тизимида ўттизга яқин сифатни сертификатлаштириш идораси фаолият юритмоқда. “Ўзстандарт” агентлиги Халқаро стандартлаштириш ташкилоти, Давлатлараро стандартлаштириш кенгаши ва Давлат метрологик муассасаларининг Евро-Осиё ҳамкорлигининг тўлақонли аъзоси.

Халқаро ташкилотлар билан тузилган битимларга асосан 50 мингга яқин халқаро стандартлардан фойдаланиш имкони яратилган. Синов ва сертификатлаштириш, назорат ва экспертиза соҳасида йирик инспекция компанияси “Societe Generakde Surveillance” (SGS) билан имзоланган келишувга кўра озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари синов натижаларининг 140 дан ортиқ давлатда тан олинишига йўл очилди.

Мамлакатимизда сифатни бошқариш тизимларини жорий этган корхоналар 2 минг 600 дан ошган. Бу стандарт истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи ва атроф-муҳит учун хавфли бўлган маҳсулотларнинг камайиши, ишлаб чиқарувчилар устидан сифат бўйича доимий назоратни амалга ошириш имконини бераётир.

Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида муҳим ўрин тутаётган “Ўзстандарт” тизимида меҳнат қилаётган ходимлар меҳнати доимий равишда муносиб рағбатлантирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 1 июлдаги фармонига мувофиқ таъсис этилган “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан агентликнинг 25 ходими тақдирланди. Уларга эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
1 337






Все о погоде - Pogoda.uz