Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форуми

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 23 ноябрь куни Ўзбекистон ва Корея Республикаси ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 23 ноябрь куни Ўзбекистон ва Корея Республикаси ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, нефть-газ, геология ва минерал ресурслар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, озиқ-овқат ва кимё саноати, фармацевтика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, ахборот технологиялари, электротехника, коммунал хизмат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари Шавкат Тўлаганов, Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари У Тэ Хи, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хон мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар асосида барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йилнинг май ойида Корея Республикасига давлат ташрифи икки томонлама алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқди.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг ишончли ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорларидан. Икки давлат ўртасида савдо алоқалари борасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган савдо, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилишга оид битимлар савдо-иқтисодий алоқалар ривожига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, қулай жўғрофий жойлашуви, замонавий транспорт коммуникациялари, сармоя жалб этиш бўйича пухта ва ишончли стратегияси кўплаб давлатлар қатори Корея Республикаси ишбилармонларининг ҳам ҳамкорликка қизиқишини оширмоқда. Ўзбекистонда Корея Республикасининг 72 етакчи фирма ва компанияси ваколатхонаси, ушбу мамлакат сармоядорлари иштирокида тузилган 439 корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар нефть-газ, нефть-кимё, тоғ-кон металлургияси, машинасозлик, савдо, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, электр техникаси каби қатор соҳаларда иш юритади. 2014 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларини, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 1,2 миллиард долларни ташкил этди.

Форумда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга экани алоҳида қайд этилди.

– Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги асосий шериги ва стратегик ҳамкоридир, – деди Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари У Тэ Хи, – Президент Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётни таркибий ўзгартириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ва барқарор ривожланмоқда. Сўнгги ўн бир йил давомида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан ошаётгани бунинг яққол далилидир. Жанубий Корея компаниялари бу ерда турли соҳаларда ўз бизнесини муваффақиятли амалга оширмоқда. Ушбу бизнес-форум икки томонлама фаол савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари фармойишига мувофиқ 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форумда Корея Республикасининг юздан ортиқ компанияларидан 170 дан зиёд вакил иштирок этди. Форум доирасида жанубий кореялик бизнесменлар билан қиймати 1,1 миллиард АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланди.

Бизнес-форумда мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, нефть-кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика каби соҳалардаги имкониятлари хусусида сўз юритилди. Корея Республикаси ишбилармонлари мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги катта қулайлик ва имтиёзлар билан атрофлича таништирилди.

Корея Республикасининг қирққа яқин компанияси вакиллари иштирок этган ушбу анжуманда икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятларидан янада самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди. Савдо, иқтисодиёт, саноат, машинасозлик, энергетика, электротехника, кимё, фармацевтика ва қурилиш каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Корея Республикаси компанияларини мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига янада кенг жалб этишга оид масалалар муҳокама қилинди.

– Компаниямиз қурилиш соҳаси учун зарур бўлган сендвич панеллари ва автомобилсозлик учун мўлжалланган изоляция материаллари ишлаб чиқаради, – деди “Dali Trade” компанияси президенти Ли Санг Кю (Корея Республикаси). – Анжуман доирасида Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги улкан салоҳияти ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдик. Биз Ўзбекистоннинг истиқболли бозорини чуқурроқ ўрганиб, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидамиз.

Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Корея Республикаси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат тадбиркорлари ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан фикрлашиб олди.