ЎзА Ўзбек

30.11.2018 19:12 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон-Туркия ишбилармонлари Самарқандда учрашди

Самарқандда маҳаллий тадбиркорлар ва Туркия тижорат вазирлиги қошидаги Шарқий Қора денгиз экспортчилари уюшмасининг қурилиш соҳасида фаолият юритаётган ишбилармонларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Самарқанд вилоятидаги йирик саноат корхоналари, қурилиш ташкилотлари, туризм фаолияти билан шуғулланувчи фирма ва компаниялар ҳамда Туркиянинг Шарқий Қора денгиз минтақасидаги 15 дан ортиқ корхоналар фаолияти ҳақида маълумот берилди.

– Уюшмамиз Туркиянинг энг йирик бирлашмаларидан бири ҳисобланади ва унга ишлаб чиқаришнинг турли йўналишларида фаолият олиб борадиган тадбиркорлар аъзо бўлган, – дейди Шарқий Қора денгиз экспортчилар уюшмаси раиси Аҳмед Ҳамди Гюндоган. – Улар дунёнинг 110 дан ортиқ давлатига ўз маҳсулотларини экспорт қилади. Шарқий Қора денгиз минтақаси географик жиҳатдан Ўзбекистонга энг яқин ҳудуд бўлса-да, қурилиш ва бунёдкорлик соҳаларида ҳамкорлигимиз қониқарли эмас. Шу боис, ушбу минтақадаги энг йирик ишлаб чиқарувчиларни бу ерга олиб келиб, ҳамкорликни ривожлантириш ва мамлакатингизга турк ишбилармонлари инвестициясини кўпроқ киритишни режалаштирганмиз.

Дарвоқе, мазкур уюшма Буюк ипак йўли дастури доирасида ҳар йили туркий тилли давлатлар ишбилармонлари йиғилишини ўтказади. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, 2019 йилда бўладиган 4-йиғилишга ўзбекистонлик тадбиркорларни ҳам таклиф этиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида туркиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 55 қўшма корхона ташкил этилган. Ўзаро товар айланмаси жорий йил биринчи ярмида 74 миллион АҚШ долларидан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча юқори кўрсаткич.

Учрашувда ҳамкорликни янги босқичда, янада кенг кўламда давом эттириш, ишга солинмаган имкониятлардан тўла фойдаланиш бўйича келишувларга эришилди.



Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 614