ЎзА Ўзбек

16.01.2018 20:49 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Туркия ишбилармон доираларининг давра суҳбати

Пойтахтимизда 16 январь куни Туркиянинг “Ziraat Bankasi A.S.” банки бошқаруви раиси Ҳусейн Айдин бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон – Туркия ишбилармон доиралари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик жамияти, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда расмий делегация аъзолари, шунингдек, икки мамлакатнинг қурилиш, энергетика, машинасозлик, геология, озиқ-овқат, кимё саноати, фармацевтика, сайёҳлик каби соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг жорий ҳолати, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, транспорт-коммуникация, туризм, қурилиш ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатимизнинг қулай географик жойлашуви туфайли минтақа бозорларига чиқиш имкониятининг мавжудлиги, тобора эркинлашаётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити кўплаб хорижий сармоядорлар қатори туркиялик ишбилармонларни ҳам ўзига жалб қилмоқда. Ушбу мамлакатнинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги ва туризм салоҳияти борасидаги имкониятлари ҳам, ўз навбатида, мамлакатимиз учун манфаатли.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси А.Аҳмадхўжаев, Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар ва бошқалар бугун Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик тенглик, ўзаро ишонч руҳида ривожланаётганини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг учрашувлари, вазирлик ва идоралар делегацияларининг ташрифлари, қатор қўшма тадбирлар туфайли манфаатли шериклик алоқалари тобора кенгаймоқда.

Биргина мисол. 2017 йил Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири, миллий мудофаа вазири бошчилигидаги делегациялар Ўзбекистонда, мамлакатимиз Бош вазири ўринбосарлари, мудофаа вазири раҳбарлигидаги делегациялар Туркияда бўлди. Турли тадбир ва форумлар ўтказилди. 25 май куни пойтахтимизда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг мажлиси, 30 сентябрь куни Тошкентда ва 6 октябрь куни Истанбулда ўтган бизнес-форумларда ҳамкорликнинг кўплаб истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Давра суҳбатида ўзаро ҳамкорликда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этиши таъкидланди.

Тадбирда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш мақсадида хорижий сармоядорлар учун яратилган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида сўзлаб берилди.

Тадбирда мамлакатимизда кейинги йилларда жадал ривожланаётган фармацевтика саноати билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш учун 151 та лицензия берилган. Улардан 94 таси дори, 3 таси ташхис қўйиш воситалари, 54 таси тиббиёт буюмларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Давлатимиз раҳбарининг фармацевтика саноатини ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори сабаб дори ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўналишида яна 167 тадбиркорлик субъекти фаолият бошлади.

Форумда мамлакатимизнинг фармацевтика саноатини янада ривожлантириш учун улкан салоҳият ва имкониятлар мавжудлиги алоҳида қайд этилди. Мамлакатимизда 577 хилдаги доривор ўсимликлар ўсиши қайд этилган ва бугунги кунда уларнинг атиги 17 фоизидан дори воситалари ишлаб чиқаришда фойдаланилмоқда. Тадбирда туркиялик ишбилармонларга ушбу соҳада фаолият юритиш, тақдим этиладиган имтиёз ва қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Ўзбекистонда иқтисодий секторни эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва диверсификациялаш борасидаги ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаётгани мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда, – дейди тадбиркор Ҳалил Тўра (Туркия). – Биз ҳам бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, сармоя киритиш истагидамиз. Компаниямиз геология, энергетика, логистика, туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис каби қатор соҳаларда фаолият юритади. Бугунги тадбирда логистика марказлари, туризм, энергетика йўналишида иш юритиш ва хизматларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдик.

Музокараларда қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
14 124