Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 18:20 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон тадбиркорлари халқаро озиқ-овқат кўргазмасида

Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган “World Food Moscow – 2017” халқаро озиқ-овқат кўргазмасида ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг ташқи бозорга чиқишига кўмаклашиш, тадбиркор ва ишбилармонларнинг йирик халқаро ярмаркаларда иштирок этиши, харидорлар топиши ва шартномалар тузишини қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмаги билан тадбиркорларимиз турли халқаро кўргазмаларда мунтазам қатнашиб, фойдали келишувлар тузишга эришмоқда.

“World Food Moscow – 2017” жаҳондаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи етакчи компаниялар иштирок этадиган, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш бўйича музокаралар ўтказадиган нуфузли форумдир. Бу йил мазкур кўргазмада 60 га яқин мамлакатдан 2 мингдан зиёд фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда.

Кўргазмадаги Ўзбекистон миллий экспозицияси ўзига хос дизайни ва кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бойлиги билан қатнашчиларда қизиқиш уйғотмоқда. Унга ташриф буюрганлар мамлакатимизнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти ва имкониятлари, соҳада таклиф этилаётган хизматлар билан танишмоқда.

Ушбу халқаро кўргазма мамлакатимиз тадбиркорлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларни халқаро бозорга таклиф этиш, чет эллик ишбилармонлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш, мавжуд алоқаларни янада кенгайтиришда қулай имкониятлар яратади.

Матназар Элмуродов, ЎзА
2 178






Все о погоде - Pogoda.uz