Ўзбекистон тадбиркорлари 2017 йилдаги фаолиятларини ижобий баҳолади
2017 йилда Ўзбекистон тадбиркорларининг ярмидан кўпи олган даромадини ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва кенгайтириш, замонавий ускуналар харид қилиш ҳамда инновацион ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ўз корхоналарига қайта сармоя тарзида киритди.
2017 йилда Ўзбекистон тадбиркорларининг ярмидан кўпи олган даромадини ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва кенгайтириш, замонавий ускуналар харид қилиш ҳамда инновацион ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ўз корхоналарига қайта сармоя тарзида киритди."Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан "Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити –тадбиркорлар нигоҳида" мавзуида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари бўйича бу ҳақда маълум қилинди. Тадқиқот мамлакатимизнинг барча вилоятларида ўтказилди ва унинг доирасида бизнеснинг турли соҳаларида фаолият юритувчи тадбиркорлар фикри ўрганилди. Бу тадбиркорлар ва фермерларнинг ўз фаолияти учун яратилаётган шароитлар ва натижалардан қониқиш даражаси, давлат органларининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга оид фаолияти ҳақидаги фикрларини аниқлаш имконини берди.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, тадбиркорлар ва фермерларнинг аксарияти (84,7 фоизи) ишбилармонлик муҳитини ижобий баҳолайди, бу ижобий ўзгаришлар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган хусусий секторни ривожлантиришга хизмат қилувчи ва барча корхоналар учун тенг имкониятлар тақдим этувчи самарали ислоҳотлар натижаси эканини тасдиқлайди.
Респондентлар фикрича, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи "ягона дарча" марказининг ҳокимликлар тузилмасидан Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилгани тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматларининг сифати, ҳаммабоплиги ва очиқлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ташкил қилинишига ҳам ижобий фикр билдирилди.
Сўровда қатнашган тадбиркорларнинг ярмидан кўпи 2017 йилда ўз фаолиятида салмоқли ижобий натижаларга эришгани, кутилган даромадга эга бўлгани ёки ўз корхоналарини ривожлантиришнинг прогноз қилинган кўрсаткичларини таъминлаганини қайд этди. Иштирокчиларнинг 66,4 фоизи мамлакатимизда барча корхоналар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тақдим этилганини тасдиқлади.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш учун кенг резервлар мавжудлигини кўрсатди. Банк кредитларини олишда қийинчиликларнинг йўқлиги, сув, газ, электр билан узлуксиз таъминланиш ва солиқларнинг камайтирилиши шулар жумласидандир.
Тадбиркорлар фискал сиёсат, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида тақдим этилган кўплаб имтиёз ва преференциялар ўз даромадини яширмай, аксинча, уни очиқ кўрсатишга ундайди, деган умумий тўхтамга келган.
Сўров натижалари давлат органлари томонидан корхоналарда ўтказиладиган текширувлар сони кескин камайгани, текширувлар тобора профилактик ва маслаҳат тусини олаётгани, турли камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга ёрдам бераётганини кўрсатади. Шунга қарамай, респондентларнинг аксарияти назорат органлари томонидан йўл қўйилаётган коррупция ҳолатларига дуч келмоқда. Шу жиҳатдан, тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий ҳимояланганлигига ишончи ортиб бормоқда. Ҳар учинчи иштирокчи ҳуқуқи бузилган ёки поймол қилинган тақдирда Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси, прокуратура ёки маҳаллий ҳокимликка қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мурожаат этишга тайёрлигини билдирган.
Хулоса қилиб айтганда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган институционал ислоҳотлар мамлакатимиз тадбиркорлари ва фермерлари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.
«Ижтимоий фикр» маркази
материаллари асосида