ЎзА Ўзбек

23.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Швейцария бизнес форуми

Ўзбекистон – Швейцария бизнес форуми

Тошкент шаҳрида 23 октябрь куни Ўзбекистон – Швейцария бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, Швейцария компаниялари билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов швейцариялик ишбилармонларни мамлакатимизда савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништирди.

Швейцария ва МДҲ мамлакатлари Савдо палаталари иттифоқи президенти Гай Меттан, Женева савдо ва хизмат кўрсатиш палатаси бош директори Винсент Субилиа Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг ижобий суръатлари кузатилаётгани, бу жараён икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқалари ривожида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

2018 йилда мамлакатларимизнинг ўзаро савдо айланмаси 169,63 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бугунги кунда юртимизда Швейцария сармояси иштирокидаги 80 дан зиёд компания мавжуд. Улар фармацевтика, машинасозлик, кимё, озиқ-овқат саноати, сайёҳлик соҳаларида хизмат кўрсатади.

Бизнес-форумда Швейцариянинг банк хизматлари, савдо, логистика, архитектура, соғлиқни сақлаш соҳаларига тааллуқли компаниялари вакиллари ўзбекистонлик ишбилармонлар билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди.

Тадбир доирасида икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида “B2B” шаклида музокаралар ташкил этилди.

6 133
М.ҲУСАНОВА, ЎзА