ЎзА Ўзбек

23.10.2012 20:27 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон саноатининг ёрқин намойиши

“Ўзэкспомарказ” павильонларида VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа очилди.

Тадбирнинг очилишида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари сақланиб тургани таъкидланди. Ўзбекистон саноати жадал ва мутаносиб равишда ривожланмоқда, унинг асосий тармоқларини диверсификация қилиш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилган таркибий туб ўзгаришлар тобора чуқурлаштирилмоқда, саноат тармоқлари, комплекс ва корхоналарни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ҳамда технологик янгилаш асосида уларнинг самарадорлиги ва рақобатбардошлиги ошмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 ойида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини муҳокама қилишга бағишлаб ўтказилган мажлисида тараққиётнинг белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларини таъминлашга доир ишларнинг натижалари ҳар томонлама кўриб чиқилди ва чуқур таҳлил этилди. Ривожланишнинг эволюцион йўли ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган, машҳур беш тамойилга асосланган мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялашнинг танланган моделининг изчил ва аниқ мақсадни кўзлаб амалга оширилиши самарасида Ўзбекистон иқтисодиёти ҳамон давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсирига бардош берибгина қолмай, балки макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг барқарор юқори суръатларини таъминламоқда.

Шу йилнинг 9 ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,2 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7,2 фоизга ўсди. Экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 12,4 фоизга кўпайди.

Ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 18,4 минг янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш имконини берди. Ушбу соҳанинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 51 фоизгача етказилди.

Иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар жараёнлари чуқурлаштирилмоқда. Саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича қабул қилинган комплекс дастурларнинг тизимли амалга оширилиши натижасида 2012 йилнинг 9 ойида саноат ишлаб чиқариши ўсишининг юқори суръатлари таъминланди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорида ички саноат кооперацияси ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада ривожлантириш, саноат тармоқларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал юксалтириш учун шарт-шароитлар яратиш, саноат корхоналарини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жойлаштириш ва шу асосда импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқарилиши, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда аҳолининг иш билан бандлигини, одамлар даромади ва турмуш даражасини янада ошириш зарурлиги белгиланган.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – хўжалик субъектларига ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида янада кенг маълумот бериш, шериклар излаб топиш, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни, жумладан, экспортга етказиб бериш бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида шартномалар тузишга кўмаклашишдан иборат.

Анъанага кўра, Саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа икки босқичда ўтказилмоқда: биринчи босқич – шу йилнинг март-июнь ойларида – ҳудудий ва тармоқлар саноат ярмаркалари бўлиб ўтган бўлса, иккинчи босқичда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа ўтказилмоқда.

Ўтган йилги V Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада мингдан ортиқ корхона иштирок этган эди. Беш кун давомида ярмарка ва биржани 70 минг нафардан зиёд киши келиб кўрди. Уларнинг қарийб 800 нафари хорижий фирма ҳамда компаниялар вакиллари эди. Стендларда Ўзбекистон корхоналари томонидан тайёрланган 6500 дан ортиқ турдаги маҳсулот, хусусан, 2011 йилда ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган 420 турдан ортиқ янги маҳсулот намуналари намойиш этилди.

Бу галги форумларда машинасозлик, автомобилсозлик, электр техника, қурилиш саноати, металлургия, кимё, нефть-кимё, озиқ-овқат ва енгил саноат, фармацевтика ҳамда бошқа саноат тармоқлари ишлаб чиқарувчилари қатнашмоқда.

Ярмарка давомида Ўзбекистон саноат корхоналари, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларига ўз саноат салоҳиятини бу ерга ташриф буюрадиганлар эътиборига ҳавола этиш учун яхши имконият тақдим этилмоқда. Бундан ташқари, хўжалик субъектлари техник ва технологик имкониятларини янада тўлиқ намойиш этиш мақсадида ихтисослаштирилган тақдимот маросимларини ўтказиши ҳамда ҳамкорлик қилиш учун таклифлар билдириши мумкин. Мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, суғурта компаниялари, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасига ихтисослаштирилган ташкилотлар мутахассислари эса уларга маслаҳат хизматларини кўрсатади.

Нафақат етакчи саноат тармоқлари, балки улар учун инновация лойиҳаларини ишлаб чиқадиган илмий институтлар, шунингдек, истиқболли кичик корхоналарнинг ўнлаб марказлаштирилган тақдимот маросимларини ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа дирекцияси томонидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида янада кенг маълумот бериш мақсадида 1600 зиёд саноат корхонаси ва улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган электрон ва қоғоз манбалардаги Ўзбекистон Саноат маҳсулотларининг 2012-2013 йилги каталоги тузилди.

Ўтказилаётган мазкур тадбирларда саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилишда муҳим ўрин тутадиган кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик корхоналарига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимиз корхоналари ва хорижий шерикларда саноат кооперацияси, товарлар етказиб бериш ва харид қилиш борасида янги алоқалар ўрнатиш ҳамда ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш, янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштиришга қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётир. Масалан, мамлакатимиз компанияларидан ташқари Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва хорижий компаниялар, шунингдек, дунёнинг қатор давлатлари савдо-саноат палаталари делегациялари вакиллари ҳам VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада иштирок этишга катта қизиқиш билдирмоқда.


Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа иштирокчилари ва бу ерга ташриф буюрадиганлар режалаштирилган ушбу тадбирлар доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишиб, жорий йилда маҳсулотларни етказиб бериш, шу жумладан, экспорт қилиш учун музокаралар ўтказади ва шартномалар тузади, ишлаб чиқарувчининг келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантириб, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича аҳдлашув шартномаларини имзолайди.
Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржанинг бу йилги кузги босқичида мамлакатимизнинг 1100 дан ортиқ корхонаси (аввалги саноат ярмаркасида 1030 эди), Германия, Италия, Латвия, Жанубий Корея, Хитой, Польша, Россия, Туркия каби давлатлардан хорижий фирма ҳамда компанияларнинг қарийб минг нафар вакили (аввалги ярмаркада 800 нафар эди) қатнашмоқда.

Тадбирлар иштирокчиларига «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазма компаниясининг барча инфратузилмаси, яъни халқаро талабларга жавоб берадиган тўртта кўргазма павильони, иккита атриуми, тўртта очиқ майдони, халқаро савдо марказининг конференциялар зали ҳамда музокаралар ўтказиладиган бинолари, меҳмонхона комплекси, овқатланиш шохобчалари хизмат кўрсатмоқда.

“Ўзэкспомарказ” павильон ва стендларида мамлакатимиз иқтисодиёти барча тармоқларининг салоҳияти ва имкониятлари, улар ишлаб чиқараётган хилма-хил маҳсулотлар ва кўрсатаётган хизматлар, ишлаб чиқариш янгиликлари кенг намойиш этилаётир.

Саноатчилар форуми қатнашчилари тармоқлар ва корхоналарнинг тақдимот маросимлари давомида уларнинг техник ҳамда технологик имкониятлари билан танишиб, ўзаро тажриба алмашмоқда, эришган ютуқлари билан ўртоқлашмоқда. Батафсил танишиш янги турдаги товарлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, материаллар, ишлаб чиқариш-техник йўналишдаги бутловчи ҳамда тайёр буюмларни етказиб бериш ёки харид қилиш мақсадида шартномалар тузиш учун мавжуд алоқаларни кенгайтириш ва янгиларини ўрнатишга кўмаклашади.

– Сўнгги йилларда компаниямиз корхоналари томонидан ўттиздан ортиқ турдаги замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, – дейди “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси менежери Темур Муҳаммаджонов. – Йирик ишлаб чиқариш қувватларининг мавжудлиги, қулай географик жойлашув, юқори сифат корхоналаримизга хорижлик ишлаб чиқарувчилар билан тенг рақобатлашиш ва маҳсулотларимизни экспорт қилиш имконини бермоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган цемент, ойна, шиша буюмлар, том ёпиш материаллари, мармар, гранитдан тайёрланган буюмлар, ғишт, шифер, черепица дунёнинг ўндан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда.

Ташкил қилинган экспозицияда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси таркибига кирадиган 30 корхона элликдан ортиқ турдаги маҳсулотларини намойиш этмоқда. Кичик корхоналарга ҳам шунча маҳсулотларни ўзлаштириш таклиф этилмоқда. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, республикамиз саноат коплексининг бошқа тармоқлари билан кооперация алоқаларини ривожлантириш асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда.

Бунда мазкур ярмарка ҳам ўз самараларини бермоқда. Мисол учун, 2011 йилда ўтказилган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа доирасида 61,7 миллиард сўмлик шартномалар тузган бўлсак, 2012 йилда қиймати 88,6 миллиард сўмга тенг шартномалар имзоладик. Келгуси йилда бу кўрсаткични 40 фоиздан оширишни режалаштирмоқдамиз. 2013 йилги тармоқлараро кооперация доирасида машинасозлик, кабель маҳсулотлари, кимё хомашёси, материаллар ва ускуналар харид қилиш учун аҳдлашув шартномаларини имзолаш кўзда тутилмоқда. Акциядорлик компаниямиз корхоналари, ўз навбатида, олтин қазиб олиш, нефть-газ корхоналари ва бошқа саноат ҳамда қурилиш тармоқлари учун қурилиш материаллари, жумладан, цемент, ойна ва ундан тайёрланган буюмлар, сопол кошинлар, қуруқ қурилиш аралашмалари, гипс буюмлари, гипсокартон, бўёқлар ва бошқа қурилиш материаллари етказиб беради.

Ишлаб чиқарувчилар учун Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада иштирок этиш қандай самаралар беради?

– Авваламбор, янги шериклар топишга ёрдам беради, – дейди “Ўзбекистон қийин эрийдиган ва ўтга чидамли металлар комбинати” очиқ акциядорлик жамиятининг ташқи иқтисодий алоқалар бўлими муҳандиси Рамила Тешабоева. – Комбинатимиз молибден ва вольфрам маҳсулотлари, қаттиқ қотишмалардан турли буюмлар, чўғланма лампалар ишлаб чиқармоқда. Тузилаётган шартномалар етказиб бериш географиясини кенгайтиришга кўмаклашмоқда ва бу сотишлар ҳажмини кўпайтириш имконини бераётир. 2011 йилда қиймати 3 миллиард сўмлик шартномалар тузган бўлсак, жорий йилда ушбу кўрсаткични анча ошириш ниятидамиз. Экспорт салоҳияти ҳам ошмоқда. Буюртмалар портфелида Германия, Россия, Голландиядан истеъмолчилар билан шартномалар мавжуд. Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш иссиқ ёйилган прокат, сопол буюмлар, таркибида олтингугурт кислотаси мавжуд алюминий (коагулянт) каби ички бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш имконини берди. Тармоқлараро кооперация алоқаларини ривожлантириш доирасида ёруғлик манбалари учун вольфрам симлар, қирқиш дастгоҳи учун қаттиқ қотишмали пластиналар, ғилдирак ва рельсларга ишлов бериш учун пластиналар ҳамда косали қирққичлар таклиф этмоқдамиз.

Сирдарё вилоятида жойлашган “PENG SHENG” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ярмаркада учинчи марта қатнашмоқда. Корхона бош директори Жи К бу галги форумни юқори баҳолаб, Ўзбекистонда қулай инвестицион муҳит яратилгани ва муҳим имтиёз ҳамда преференциялар берилаётганини таъкидлади. “PENG SHENG” қўшма корхонасининг жами инвестиция ҳажми 26 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Корхона буюртмалар бўйича замонавий ва иш пойабзаллари, турли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг маҳсулотлари нафақат мамлакатимиз ички бозорларида, балки қўшни давлатларда ҳам харидоргир. Бундан ташқари, компания юқори сифати ва замонавий дизайни билан ажралиб турадиган полга ётқизиладиган, қоплама, саноат ва санитария сопол кошинларни ишлаб чиқаришга ҳам ихтисослашган. Бу борада янги инновация технологияларидан фойдаланилмоқда. Мухтасар айтганда, хитойлик ҳамкорлар Сирдарё вилоятида интеграциялашган ишлаб чиқариш комплексини барпо этишни мўлжалламоқда.

ЃgTrans Osiyo Logistiks” масъулияти чекланган жамияти мамлакатимиз экспортчилари ва Ўзбекистон маҳсулотларининг чет эллик харидорларига халқаро транспорт-экспедиторлик ҳамда логистика хизматларини таклиф этмоқда. Корхона директори Пўлат Мажидовнинг айтишича, “Trans Osiyo Logistiks” юкларни дунёнинг исталган давлатларига турли транспорт воситалари орқали етказиб беришдан ташқари божхонада расмийлаштириш, суғурта қилиш, омборларга жойлаштириш, брокерлик ва сертификатлаш хизматларини ўз зиммасига олади. 2011-2012 йилларда компания “Ўзкимёсаноат” (минерал ўғитлар, аммиак селитраси, карбамид) ва “Ўзбекенгилсаноат” (ип, тўқимачилик ва триктотаж буюмлари) давлат акциядорлик компаниялари маҳсулотларини Хитой ҳамда Жануби-шарқий Осиё мамлакатларига қисқа муддатлар ичида етказиб берди.

Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча истеъмолчилари маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган асбоб-ускуналар, бутловчи ва тайёр буюмлар, қайта ишланган маҳсулотлар ҳамда материалларни Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа доирасида қўшимча тендерлар ўтказмай бевосита шартномалар асосида харид қилиши мумкин. Бундай тартиб хўжалик операцияларини амалга оширишда бозор принциплари ва механизмларини янада чуқурлаштириш мақсадида қабул қилинган.

Таъкидлаш жоизки, форум ишчанлик руҳида ўтмоқда, ишлаб чиқариш корхоналарининг секторлар бўйича пухта ўйланган тизим асосида жойлаштирилгани, павильонларда эълон қилинган маълумотлар тадбирлар иштирокчилари ҳамда меҳмонларига ўзларини қизиқтирган объектлар, расмий вакилларни тез излаб топиш имконини бермоқда. Шу билан бирга, бу ерда музокаралар ўтказиш, шартномалар тузиш учун ҳам махсус жойлар ажратилган.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржанинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов иштирок этди.

 


ЎзА, Виктор Николаев, Асқар Ёқубов (сурат)
21 340