Ўзбекистон – Россия савдо айланмаси янги босқичга чиқади
Тошкентда “Агро, озиқ-овқат саноати ва халқ истеъмол маҳсулотлари” биринчи Ўзбекистон – Россия халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Тошкентда “Агро, озиқ-овқат саноати ва халқ истеъмол маҳсулотлари” биринчи Ўзбекистон – Россия халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
ЎзА мухбири кўргазма қатнашчилари билан суҳбатда бўлиб, улардан айримларининг фикрларини ёзиб олди.
Михаил ФАЮСТОВ, Россиянинг Рязань шаҳридаги “СКС” компанияси директории:
– Компаниямизга 1997 йилда асос солинган. Асосан чорва моллари учун ёрлиқлар, чиплар, зоотехникага оид товарлар, лазерли маркалар ишлаб чиқарамиз. Ўзбекистонда чорвачилик яхши ривожланган. Шу боис кўплаб янги ҳамкорлар, дўстлар орттираяпмиз. Улар компаниямиз фаолиятига, маҳсулотларимизга қизиқиш билдирмоқда.
Келгусида улар билан ишлаш ниятидамиз.
Энвер ХАЛИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Божхона брокерлар уюшмаси раиси ўринбосари:
– Мамлакатимизда 600га яқин брокерлик ташкилоти фаолият кўрсатади. Уюшмамиз 80дан ортиқ фирмани ўзида бирлаштирган. Биз тадбиркорлар маҳсулотларини экспорт қилиш жараёнида божхона хизмати талабларига доир ҳужжатлар билан ишлаш бўйича хизматларни амалга оширамиз, транспорт-логистика масалаларида ҳам тадбиркорларга кўмак берамиз. Тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳам ташкил қиламиз. Халқаро муносабатларни кенгайтириш ҳаракатидамиз. Айни кунга қадар Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда фаолият юритаётган уюшмалар билан алоқа ўрнатишга эришдик.
Ориф ШЕРМУҲАММЕДОВ, якка тартибдаги ҳунарманд:
– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир фармонига асосан биз – якка тартибдаги тадбиркорларга катта қулайликлар яратилди. Бу имконият сабаб “Тошкент” савдо марказидан жой олиб, теридан эркак ва аёллар пальтолари, бош кийимларини тикаяпмиз. Кўргазмада иштирок этишдан мақсад – маҳсулотларимизни экспортга йўналтиришга эришиш.
Ирина КОЛЕСНИКОВА, Чуваш Республикасидаги “Здоровая Еда” масъулияти чекланган жамият ижрочи директори:
– Қуритилган мевалар, фойдали гиёҳлардан тайёрланган чойлар, тез тайёр бўладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Уларга Россия ва МДҲ мамлакатларида талаб ортмоқда. Энди Ўзбекистондан ҳам ҳамкорлар, маҳсулотларимизга харидорлар топишга бел боғладик.