ЎзА Ўзбек

27.08.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Хитой Давлат тараққиёт банки 309 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шартномани имзолади

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Хитой Давлат тараққиёт банки 309 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шартномани имзолади

Хитой Давлат тараққиёт банки (ХДТБ) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорлиги доирасида ўтган вақт мобайнида бир неча маротаба кредит линияларини тақдим этган. Улар орқали Миллий банк 460 дан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштирди, шу жумладан, умумий қиймати 655 миллион АҚШ доллари бўлган 6 кредит линияси ўзлаштирилди.

1.JPG 2.JPG

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2019 йил 26 августда Ўзбекистон – Хитой халқаро ҳамкорлик комиссиясининг 5-йиғилиши доирасида Миллий банк ва ХДТБ ўртасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари“ миллий авиакомпаниясининг самолёт паркини модернизация қилиш лойиҳаси бўйича 309 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланди. 

Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришнинг асосий банки сифатида ХДТБни танлаш, экспортни суғурталаш агентликларидан фойдаланмасдан, етказиб бериш тўловлари учун имтиёзли даврни таъминлайдиган молиялаштиришнинг энг қулай шарт-шароитлари таъминланиши билан боғлиқ. Бу эса ресурслар нархи ошиши олдини олади. 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари“ миллий авиакомпанияси паркини янгилаш мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва авиакомпаниянинг йўловчилар оқимини кўпайтиришга қаратилган.

ХДТБ билан ҳамкорлик қилишнинг афзалликлари кўп йиллик ҳамкорлик тажрибаси, қулай молиявий шароитлар ва ҳужжатлар тезкорлик билан кўриб чиқилиши ҳисобланади. 

Имзоланган битим икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга кучли туртки беради ва кредит ресурсларини нафақат кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги имтиёзли шартларда жалб қилиш, балки Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳаларида йирик стратегик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун имконият яратади ҳамда шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ва молиявий институтлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш кўрсаткичидир. 

Реклама ҳуқуқи асосида​

15 520
ЎзА