Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
2015 йил 16 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди.
2015 йил 16 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари кўриб чиқилди ҳамда қабул қилинган 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурларини амалга ошириш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.Мажлисда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2015 йил 16 январда республика Ҳукуматининг мажлисида белгилаб берилган 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга оширишни сўзсиз таъминлаш ишларининг натижалари ҳар томонлама кўриб чиқилди ва батафсил таҳлил қилинди. Республика саноат тармоқлари ва ҳудудларининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш, фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш, истиқболли стратегик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, шунингдек, аҳолининг бандлигини, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш шулар жумласидандир.
Мамлакатда қабул қилинган иқтисодиётни ривожлантириш ва модернизациялаш, уни диверсификациялаш ва рақобатбардошлигини таъминлаш стратегиясининг тизимли ва изчил амалга оширилиши туфайли, жаҳон иқтисодиётида сақланиб қолаётган инқирозли ҳодисаларга ва унинг ривожланиши суръатлари сусайганлигига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари ва макроиқтисодий мувозанатни мустаҳкамлаш таъминланаётганлиги қайд этилди. Ютуқлар ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш истиқболлари халқаро молия институтлари томонидан юқори баҳоланаётганлиги таъкидланди. Жумладан, Халқаро валюта жамғармасининг 2015 йил апрель-май ойларида мамлакатимизда бўлган миссияси бошлиғининг баёнотида “Ўзбекистон иқтисодиёти ... мураккаб ташқи шароитда ҳам ўз барқарорлигини намоён этмоқда. ... 2015 йилда иқтисодий ўсиш, кутилганидек, юқори бўлади. Бунга яқинда қабул қилинган саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш, ... хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув дастурлари самарасида эришилади”, деб қайд этилди.
Биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,1 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 8,1 фоизга ўсди. Экспорт ҳажмларининг 7,4 фоизга ўсиши ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланди. Давлат бюджети профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ортиқ бўлмади.
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларини тубдан кўпайтириш, хизматлар ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш, ички талабни мутаносиб рағбатлантириш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг 13,5 фоизга, чакана товар айланмасининг 14,8 фоизга ва хизматларнинг 13,1 фоизга ўсишини таъминлади.
Аҳоли бандлиги масалаларини ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида 441,8 мингта янги иш ўрни, улардан 274,9 минг иш ўрни ёки 62,2 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.
Фаол инвестиция сиёсатини ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттириш, инфратузилмани ривожлантириш ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 9,8 фоизга, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 10,9 фоизга ўсишини таъминлади. 2015 йилги Инвестиция дастури доирасида 63 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди. 1866 та ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг 585 та янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Инвестиция жараёнларининг фаоллашуви пудрат қурилиш ишлари ҳажмининг 18 фоизга ўсишига кўмаклашди.
Ушбу масалани муҳокама қилиш давомида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори замонавий юқори технологик ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларни ишга тушириш бўйича муҳим стратегик инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш учун шахсан масъул эканликларига қаратилди. Улар олдига айрим лойиҳалар бўйича йўл қўйилган қолоқликнинг ўрнини тўлдиришга ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга инвестициялар жалб этишни жадаллаштиришга қаратилган комплекс қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.
Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини сафарбар қилиш, маҳсулот экспорти ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш, анъанавий бозорларда мамлакатимизнинг экспорт қилувчилари мавқеини мустаҳкамлаш ва янги ташқи бозорларни ўзлаштиришни таъминлаш бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилди.
Мажлисда ғалла ўрим-йиғими мавсуми якунларини танқидий таҳлил қилишга ва об-ҳаво шароитларининг ғўза ҳосилига салбий таъсирининг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга, шунингдек, ғўзани парвариш қилиш бўйича комплекс агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказишга жиддий эътибор қаратилди. Аграр секторни янада ривожлантириш ва модернизациялаш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажми 6,5 фоизга ўсганлиги қайд этилди. Мўл ғалла етиштирилди ва дон йиғиштириб олинди.
Жорий йилнинг ниҳоятда ноқулай об-ҳаво шароитларини ҳисобга олган ҳолда, мажлис қатнашчиларининг эътибори об-ҳаво шароитларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга, энг аввало, ғўзага салбий таъсирини камайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг ва ижтимоий соҳа объектларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган комплекс чора-тадбирлар кўриш зарурлигига қаратилди.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига қишлоқ хўжалиги экинларини ўз вақтида суғоришни таъминлаш, ғўзаларни зараркунандалардан интеграциялаштирилган ҳолда самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш, шунингдек, агротехника ва ирригация-мелиорация тадбирларини ўтказиш учун ёнилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан тасдиқланган 2015-2019 йилларда ислоҳотлаш, иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш дастурларини тизимли амалга оширилишини таъминлаш масалалари мажлис қатнашчиларининг эътибори марказида бўлди. Иқтисодиётда давлат иштирокини тубдан камайтириш, хусусий мулкнинг аҳамияти ва улушини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилишни ва кафолатларини кучайтириш, акциялаштиришни чуқурлаштириш ва корпоратив бошқаришни такомиллаштириш, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурий чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича ишларни самарали мувофиқлаштириш ҳамда тизимли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этиб ўтилдики, ўрта муддатли истиқболда мамлакат иқтисодиётини янада ислоҳ қилиш ва модернизациялаш стратегиясининг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этадиган ушбу дастурий ҳужжатларнинг муваффақиятли амалга оширилиши яқин йиллар мобайнида иқтисодиётни ўстиришнинг юқори суръатларини сақлаб қолишни, иқтисодиётнинг янада замонавий ва диверсификацияланган тузилмасини шакллантиришни, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишни таъминлайди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси комплексларининг, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори яқин беш йилга мўлжалланган қабул қилинган дастурларга киритилган аниқ чора-тадбирларни белгиланган муддатларда ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш, уларда назарда тутилган барча мақсадли параметрлар ва индикаторларга эришиш юзасидан уларнинг шахсий масъулиятига қаратилди.
Мажлис давомида 2015-2019 йилларга мўлжалланган таркибий ўзгартиришларнинг қабул қилинган дастурлари барча бандларини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш устидан мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг қатъий тизимини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бунда тасдиқланган дастурларнинг тайёргарлик босқичидан бошлаб тўлиқ амалга оширишда унинг ҳар бир бандини кўриб чиқиш ва ижро этишни барча босқичлари устидан изчил назорат қилувчи автоматлаштирилган компьютер дастурларини қисқа муддатларда ишлаб чиқиш ва ишга туширишни таъминлашга қарор қилинди.
Шунингдек, тасдиқланган дастурлар амалга оширилиши бўйича масъул ижрочилар ҳисобланган вазирликлар, идоралар ҳамда тегишлича улар ижросини мувофиқлаштиришни ва ҳар ойлик назорат қилишни таъминловчи Идоралараро кенгашлар ва Ҳукумат ҳузуридаги комиссиялар белгиланди.
2015-2019 йилларга мўлжалланган тасдиқланган таркибий ўзгартиришлар дастурлари амалга оширилиши тўғрисида Ҳукумат аъзолари ва бошқа масъул шахсларнинг ҳисоботлари Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида йилнинг
ҳар чорагида доимий асосда эшитилишига қарор қилинди.
Мажлисда хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга катта эркинлик бериш, уларни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги ва самарадорлигини ҳар томонлама таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этиб ўтилдики, кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар фақат биринчи ярим йилликнинг ўзидагина 15,2 мингта янги кичик бизнес субъектларини ташкил этишга кўмаклашди, бу 2014 йилнинг шу давридагидан 6,3 фоиз кўп. Кичик бизнес субъектларига 6,4 триллион сўм ёки ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баравар кўп банк кредитлари ажратилди.
Барча даражалардаги ҳокимликлар, тегишли вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларига фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришларни ва хизматлар кўрсатиш соҳаси объектлари тармоғини кенгайтиришда ва янгиларини ташкил этишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу асосда аҳоли бандлигини, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини олинган мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш юкланди.
Алоҳида таъкидлаб ўтилдики, хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш, уларни жадал ривожлантириш учун тўсиқларни олиб ташлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги фармони билан тасдиқланган дастурни, шу жумладан, тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига мансабдор шахсларнинг тўсқинлик қилиши ёки ноқонуний аралашуви юзасидан масъулиятини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш, рўйхатга олиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиботларини янада соддалаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатда мулкчиликнинг устувор шакли сифатида хусусий мулкни ва кичик бизнесни янада ривожлантиришга кўмаклашади.
Шу муносабат билан махсус ташкил этилган ишчи комиссия, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларига чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга ва унинг устуворлигини мустаҳкамлашга, энг кўп қулай ишбилармонлик муҳити ва инвестиция иқлими яратишга йўналтирилган бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни тезлаштириш топширилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича Бош вазир ўринбосарларининг, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, республиканинг йирик корхоналари ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Республика Ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга оширишни сўзсиз таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.