ЎзА Ўзбек

17.10.2012 16:28 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон пахтачилиги ва тўқимачилик саноатининг янги истиқболлари

Тошкентда 17 октябрь куни Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бошланди

Ўзбекистон дунёда пахта етиштириш бўйича олтинчи, уни экспорт қилиш бўйича учинчи ўринда туради. Мамлакатимиз жаҳон тўқимачилик бозорининг энг фаол иштирокчиларидан бири ҳисобланади. “Ўзэкспомарказ”да очилган VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ушбу соҳада мамлакатимиз билан савдо, ишлаб чиқариш ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш ортиб бораётганини яна бир бор намоён этмоқда. Турли мамлакатларнинг пахта ва тўқимачилик саноати вакиллари, трейдерлар бу ерда нафақат ушбу тармоқларни ривожлантириш тенденциялари, уларнинг маҳсулотларига бўлган талаб ва таклифнинг ўзгариб туриши, дунё бозоридаги нарх конъюнктурасини муҳокама қилиш, балки ўзбек пахта толасини ҳамда ундан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича бевосита шартномалар тузиш имкониятига эга бўлмоқдалар.

VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилиш маросимида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ва бутун дунёда “ўзбек модели” деб эътироф этилган тараққиётнинг узвий қисми ҳисобланган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар салмоқли натижалар бераётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган пухта ўйланган иқтисодий сиёсатнинг изчил амалга оширилиши туфайли мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлиги, жумладан, миллий пахта ва тўқимачилик комплекси самарадорлигини ошириш, пахта толасидан юқори қўшимча қийматга эга сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда экспорт таркибида унинг улушини кўпайтириш ҳисобидан йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ўзбекистон бугун иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган давлатлардандир. Дунёда глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётган бир пайтда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари йилига ўртача 8,2 фоизни ташкил этаётгани ҳам миллий иқтисодиётимизнинг барқарорлиги ҳамда улкан салоҳиятга эга эканидан ёрқин далолат беради. Статистик маълумотлар ушбу ижобий тенденция жорий йилда ҳам сақланиб қолишини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда жаҳоннинг энг юксак талабларига жавоб берадиган пахта толасини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича ташкил этилган замонавий комплекс ҳам жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Соҳада чуқур таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиши, барча бўғинларнинг тизимли равишда модернизация қилиниши, техник ва технологик қайта жиҳозланаётгани, тегишли инфратузилманинг жадал ривожланаётгани, шунингдек, замонавий бозор механизмларининг кенг жорий этилаётгани сабабли ушбу комплекс фаолиятининг самарадорлиги юксалмоқда. Бу эса сарфланаётган маблағлардан самарали фойдаланиш даражасини оширмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бу борадаги жараённи янада кучайтириш учун янги, янада кенг имкониятлар очиб бераётир. Ушбу дастурий ҳужжатга мувофиқ иқтисодиётни эркинлаштиришни жадаллаштиришга қаратилган қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда, иқтисодиётимиз, шу жумладан, пахта толасини етиштириш ҳамда тўқимачилик каби муҳим тармоқлар рақобатбардошлигини янада оширишга доир аниқ мақсадли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Энг юқори стандартларга мос ўзбек пахта толасига жаҳон бозорида талаб ортиб бораётир. Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг ўзбекистонлик шериклари билан амалий муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор иштирокчилари сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани ҳам шундан далолатдир. Мисол учун, 2005 йилда ўтган дастлабки ярмаркага дунёнинг 30 мамлакатидан 170 га яқин трейдерлик ва тўқимачилик компаниялари вакиллари ташриф буюрган бўлса, ўтган йили уларнинг сони 660 нафардан ошди. Бу йил саккизинчи маротаба ўтказилаётган ярмаркада эса 38 давлатдан пахта ва тўқимачилик соҳасида фаолият кўрсатаётган компанияларнинг минг нафардан ортиқ вакили иштирок этмоқда. Шуниси эътиборлики, нафақат толамизга талаб юқори бўлган Жануби-шарқий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг тўқимачилик компаниялари, балки ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини сотиш бўйича муваффақиятли бизнес юритаётган Европа, Лотин Америкаси ҳамда бошқа минтақалар савдо фирмаларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдорлиги ортиб бораётгани натижасида пахта ҳамда ундан тайёрланаётган товарларимизни етказиб бериш жуғрофияси ҳам тобора кенгаймоқда.

– Бундай йирик халқаро тадбирда иштирок этиш мен учун катта шараф, – дейди “Cotton Outlook” халқаро ахборот агентлигининг бошқарувчи директори Р.Батлер. – Агентлигимиз дунёнинг турли давлатларида етиштириладиган пахта толаси сифатини мунтазам мониторинг қилиб боради, талаб ва таклиф тенденцияларини ўрганади. Ўзбекистон тола етказиб берувчи олти етакчи давлатдан биридир. Ўзбек пахтаси барча халқаро стандартларга жавоб бериши ва кенг истеъмолчилар талабларини қондираётгани туфайли мамлакатингиз жаҳон бозорида ўз ўрнини барқарор сақлаб турибди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда пахтачиликни ривожлантириш энг илғор агротехнологияларни қўллаш, хусусиятлари яхшиланган янги навларни яратиш ва пахта тозалаш саноатига инновация ишланмаларини жорий қилишга асосланган. Мисол учун, истиқлол йилларида ўзбекистонлик селекционерлар пахтанинг 162 навини яратди, уларнинг эртапишарлиги, ҳосилдорлигининг юқорилиги, толасининг тозалиги ва узунлиги, зараркунандаларга чидамлилиги ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудлари иқлим шароитига мослиги билан ажралиб турадиган 45 таси давлат реестрига киритилган ва етиштириш учун тавсия этилган. Бугунги кунда далаларимизда етиштирилган ҳосилнинг 83 фоизини “олий” ва “яхши” навли пахта толаси ташкил этади. Ўзбек пахтаси жаҳон бозорида талаб этиладиган ва асосий сифат кўрсаткичларидан бири бўлган микронейр даражасига тўлиқ жавоб беради.

Албатта, Ўзбекистонда бундай сифатли пахтани етиштиришда, биринчи навбатда, меҳнатсевар деҳқон ва фермерларимизнинг хизмати каттадир. Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида фермерлик ҳаракатини ривожлантириш ва янада кенгайтириш учун барча шарт-шароитлар яратилди. Фермер хўжаликларини имтиёзли кредитлар билан таъминлаш тизими ташкил этилиб, мунтазам такомиллаштирилмоқда, улар энг сара уруғлик, қишлоқ хўжалик техникаси, ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминланмоқда, давлат буюртмаси доирасида ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг харид нархлари ошиб бораётир.

Пахта тозалаш саноати ҳам жадаллик билан модернизация қилинмоқда, ишлаб чиқаришга энг замонавий технологиялар жорий этилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги барча пахта тозалаш заводлари реконструкция ва модернизация қилинди. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми 22 фоиздан ошди, тола сифати ҳам ортди.

Ярмарка қатнашчилари бу ерда намойиш этилаётган ва жорий мавсумда мамлакатимиз пахта заводлари томонидан ишлаб чиқарилган пахта толаси навларининг намуналари билан танишиш имконига эга. Ярмаркада сотиб олинадиган ҳар бир той пахта сифати «Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази томонидан кафолатланган. Марказ ва унинг барча ҳудудий лабораториялари пахта толасини текшириш учун энг замонавий HVI юқори технологик тизимлар билан жиҳозланган. Шу билан бирга, яқин келажакда ушбу жараённи янада модернизация қилиш режалаштирилмоқда.

Ярмарканинг очилишида Ўзбекистонда ривожланган бозор иқтисодиётини шакллантириш ва уни юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтириш давомида тўқимачилик саноати ҳам изчил ривожланиб, янги корхоналар ишга туширилаётгани, уларнинг ишлаб чиқариш қуввати ортиб бораётгани таъкидланди. Бундан ташқари, пахта толасини чуқур қайта ишлаш ҳажми ошмоқда. Бу кўрсаткич ХХ асрнинг 90-йилларидаги 7 фоиздан 2011 йилда 40 фоизга ўсди. Мамлакатимизда катта ҳажмда хомашё, ишлаб чиқариш ресурслари ва юқори малакали кадрлар мавжудлиги боис ушбу жараён янада жадаллашмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, яқин йиллар ичида Ўзбекистонда етиштирилаётган жами пахта толасининг 70 фоизгача бўлган қисми ўзимизда чуқур қайта ишланади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ушбу вазифаларни ҳал этишга қаратилган. Мазкур ҳужжатда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, маҳаллий хомашёни чуқур ва сифатли қайта ишлаш ҳисобидан экспортга мўлжалланган рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларни хорижда сотиш бозорларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилган.

Бугун мамлакатимизда 2,2 мингдан ортиқ енгил саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 280 дан ортиғи “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси таркибига киради. Шу билан бирга, қўшма корхоналар сони ҳам кўпаймоқда. 2015 йилга мўлжалланган енгил саноатни ривожлантириш дастурига мувофиқ соҳага энг замонавий технологиялар жорий этилмоқда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари ҳар йили йигирмадан ортиқ турга кўпаймоқда. Бугун Ўзбекистонда тайёрланаётган тўқимачилик маҳсулотлари дунёнинг қирқдан зиёд давлатига экспорт қилинмоқда. Талаб эса янада ошмоқда.

Мамлакатимизда қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити яратилгани сабабли тўқимачилик саноатига инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажми ошмоқда. Бу эса фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни жадаллаштириш, хорижий ишлаб чиқарувчилар билан муваффақиятли рақобатлаша оладиган янги замонавий корхоналарни ташкил этиш имконини бермоқда.

– Компаниямиз дунёнинг кўплаб минтақаларида қирқта корхонага эга ва ўз маҳсулотларини юздан ортиқ мамлакатга етказиб беради, – дейди “Индорама Групп” тўқимачилик компанияси вице-президенти П.Кежривал. – 2010 йилда Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган “Индорама Қўқон текстиль” қўшма корхонасини ташкил қилдик. Корхонада жаҳон талабларига жавоб берадиган ва мамлакатингизда етиштирилаётган пахта толасининг юқори сифатини тўлиқ акс эттирадиган ип ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлигимиз катта истиқболга эга, бунинг учун мамлакатингизда барча шарт-шароитлар яратилган. Ўзбекистонда ҳукм сураётган барқарорлик, жумладан, иқтисодий барқарорлик бу борада муҳим омил бўлаётир. Биз ушбу ҳамкорликдан ғоят манфаатдормиз ва уни янада ривожлантириш ниятидамиз.

Ярмаркада Ўзбекистон енгил саноат корхоналарининг кенг турдаги маҳсулотлари – ип, полотно, газламалар, тайёр трикотаж, шунингдек, ипак буюмлари намойиш этилмоқда. Бундан ташқари, “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси ҳузурида фаолият кўрсатаётган “Шарқ либослари” дизайн маркази либослар намойишини ташкил этди. Дизайнерларимиз томонидан жаҳон мода саноати тенденциялари ва миллий анъаналаримиз, минтақамизнинг иссиқ иқлим шароити ҳисобга олинган ҳолда, ўзимизнинг табиий матолардан тайёрланган ранг-баранг либослар моделлари хорижий иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бу йилги ярмарканинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда мамлакатимиз ҳудудларининг инвестиция салоҳияти ва тўқимачилик саноатини ривожлантиришга доир янги лойиҳалар тақдим этилмоқда. Хорижий ишбилармон доиралар вакиллари мамлакатимиз тўқимачилик саноатига сармоя киритишдан манфаатдор эканини таъкидладилар. Уларнинг ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлиги нафақат пахтамиз ва ундан тайёрланган товарлар юқори сифатга эгалиги, балки мамлакатимизда уларни харид ва транспортировка қилиш, кафолатли етказиб бериш учун яратилган қулай шароитлар, транспорт коридорлари тизими йўлга қўйилгани, мослашувчан нарх сиёсати мавжудлигига асосланган.

Хусусан, Халқаро пахта ассоциацияси президенти А.Эстив, “Cotton Bangladesh” халқаро агентлиги бош муҳаррири К.Ахсан, Тианжин пахта биржаси директори Би Южуан (Хитой), Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар халқаро федерациясининг (ITMF) бошқарув кенгаши аъзоси, “Ритер АГ” компанияси раиси П.Гнеги ва бошқалар шу ҳақида гапирди. Улар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда пухта ўйланган ва истиқболга мўлжалланган изчил иқтисодий ислоҳотлар сиёсатининг амалга оширилаётгани натижасида миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини янада юксалтириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганини таъкидладилар. Бу эса Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар очмоқда.

Ярмарканинг биринчи иш кунида ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларини харид қиладиган давлатларнинг делегациялари билан музокаралар ўтказилди. Уларда мамлакатимизнинг ишлаб чиқарувчи корхоналари ва ташқи савдо компаниялари вакиллари қатнашди.

VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди.


ЎзА, Анна Иванова, Сарвар Ўрмонов (сурат)
22 002