Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 19:45 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Қозоғистон бизнес-форуми ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай майдон

Хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 2017 йил 16-17 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади. Ташриф доирасида Тошкент шаҳрида икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми ва Қозоғистон Миллий маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил март ва апрель ойларида Қозоғистонга амалга оширган ташрифлари, июнь ойида Остонада бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида икки мамлакат Президентларининг учрашуви, телефон орқали мулоқотлари ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтарди.

Бу мулоқотлар, айниқса, савдо-иқтисодий алоқалар ривожига қўшимча суръат бағишлади. 2017 йилнинг биринчи ярмида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга ўсди. Бу йўналишдаги алоқаларнинг мустаҳкамланишида жорий йил март ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Шу йил март ойида Остонада ўтказилган Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ҳамда икки мамлакат ишбилармонлари бизнес-форуми савдо-иқтисодий муносабатлардаги мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан Қозоғистон жамоатчилигини кенг таништириш, ўзаро манфаатли келишувларга эришишда қулай майдон бўлиб хизмат қилди. Бизнес-форум якунлари бўйича 1 миллиард доллардан зиёд қийматдаги савдо ва инвестиция битимлари имзоланди.

Жорий йил май ойида Чимкентда Ўзбекистон товар ишлаб чиқарувчилари кўргазмаси ўтказилди. Унда озиқ-овқат ва енгил саноат, қурилиш индустрияси, машинасозлик, металлургия, кимё, фармацевтика, мебелсозлик, кийим-кечак, спорт буюмлари ва ўйинчоқлар ишлаб чиқарувчи 230 корхона томонидан 900 турдаги маҳсулот ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилди.

Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Жорий йил Қозоғистоннинг «AllurGroup» автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи миллий компанияси билан биргаликда Қўстанайда «GM Uzbekistan» автомобиллари йиғилиши бошлангани қўшма корхоналар фаолиятини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилаётганидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим икки мамлакат ишбилармонлари учун катта қулайликлар яратди. Май ойида Қўстанай вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга, Жиззах вилояти ҳокими етакчилигидаги юртимиз вакилларининг Жамбил вилоятига, июнь ойида эса Жамбил вилояти ҳокими бошчилигидаги Қозоғистон делегациясининг жавоб ташрифлари бугун ўз самараларини бермоқда.

16 сентябрь куни пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да Қозоғистон Миллий маҳсулотлари кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилади. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 500 дан ортиқ ишбилармонлари қатнашиши режалаштирилган.

Хусусан, Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ, нефть-газ, фармацевтика, машинасозлик, кимё, қурилиш, озиқ-овқат, енгил саноат соҳалари ва хизмат кўрсатиш тармоқларида фаолият кўрсатаётган қарийб 120 етакчи компаниясининг 200 га яқин вакили иштирок этиши кутилмоқда.

Анжуман доирасида B2B форматида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтади. Унда Қозоғистон делегацияси вакиллари мамлакатимиз давлат ва хусусий сектор масъуллари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича музокаралар ўтказади.

15-17 сентябрь кунлари «Ўзэкспомарказ»да ўтказиладиган Қозоғистон Миллий маҳсулотлари кўргазмасида қўшни мамлакатнинг автомобиль, металлургия, фармацевтика сингари кўплаб саноат тармоқлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилади.

Мазкур анжуманлар икки мамлакат иқтисодиётини янада тараққий эттириш, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни изчил ривожлантиришга хизмат қилади.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
3 771






Все о погоде - Pogoda.uz