Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 17:15 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон мева-сабзавотлари экологик софлиги билан шуҳрат қозонган

Пойтахтимизда ўтказилаётган II халқаро мева-сабзавот ярмаркасида 40 дан ортиқ давлатдан вакиллар иштирок этмоқда. ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Ли Су Йонг, «Keongco Malaysia» компанияси директори (Малайзия):

– Халқаро ярмаркада Ўзбекистоннинг мева-сабзавотчилик соҳасида улкан салоҳиятга эга экани, аграр саноат юксак даражада ривожланганига ишонч ҳосил қилдик. Ярмарка стендларида хилма-хил мева-сабзавотлар, қайта ишланган маҳсулотлар кўплигидан кўз қувнайди.

Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотлар мазаси ва табиийлиги билан ажралиб туради. Мамлакатингизда ширин-шакар мевалар, тотли сабзавотлар етиштириш билан бирга, уларни халқаро стандартлар асосида қайта ишлаш ҳам яхши йўлга қўйилган.

Мана шундай йирик савдо-ярмаркага таклиф этилганимиздан хурсандмиз. Ўзбекистондан Малайзияга катта ҳажмда дуккакли маҳсулотлар импорт қилишни режалаштирганмиз.

Алекс Оссадтчи, «Mooij Agro» компанияси савдо менежери (Нидерландия):

– Халқаро ярмарка юксак савияда ташкил этилган. У ҳар томонлама фойдали бўлмоқда. Иштирокчиларга музокаралар ўтказиш, битим ва шартномалар тузиш учун барча қулайлик муҳайё.

Ўзбекистон ҳақида, бу ерда етиштириладиган мева-сабзавотларнинг мазаси-ю, сифати ҳақида кўп эшитганман, ўқиганман. Бугунги ярмаркада бу маҳсулотларни татиб кўриш имкониятига эга бўлдим. Кўплаб мамлакатларда Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавотлар ва полиз маҳсулотлари жуда қадрланади.

Компаниямиз лавлаги, пиёз ва картошка уруғини сақлаш учун вентиляция ускуналари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Харидорларга турли замонавий музлатгич ва совутгичлар ҳам таклиф қиламиз. Етиштирилган маҳсулотни куз-қиш мавсумида сифатли сақлаш мақсадида юртингизда катта миқдорда совутиш камералари қурилаётганидан хабаримиз бор. Бу борада биз ўз хизматимизни таклиф этмоқчимиз.

Абдумалик Абдуллаев, «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси бош директори:

– Дунёнинг кўплаб мамлакатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари танқис бўлиб бораётган бир пайтда юртимизда бундай маҳсулотларни етиштириш ҳажми йил сайин ортмоқда. Компаниямизнинг чет элда 13 савдо уйи ишлаб турибди. Келажакда экспорт географиясини янада кенгайтириш мақсадида Ҳиндистон, Латвия, Беларусь каби давлатларда савдо уйи очиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида 50 га яқин давлатга 342 минг тонна маҳсулот сотилди. Тизимда логистика марказлари ташкил этилгани экспорт имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Ҳозир Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарёда ана шундай тузилмалар экспортчи корхоналарга яқиндан кўмак бермоқда.

Жорий йилги ярмарка давомида тузилган шартномалар қиймати 1 миллиард 200 миллион доллардан ошди. Айни пайтда шартномалар тузиш давом этмоқда.

Тўра Боболов, Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари:

– Жорий йилнинг ўтган даврида I халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида тузилган шартномалар асосида вилоятимиздан 60 миллион долларлик маҳсулот хорижга етказиб берилди. Ҳозирда вилоятимизда 30 дан ортиқ корхона ва 28 агрофирма экспорт билан шуғулланмоқда. Қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорлик субъектларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, берилаётган имтиёзлар бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

Ҳиндистон, Афғонистон, Қозоғистон ва Россия яқин ҳамкорларимиз бўлиб, уларга саримсоқпиёз, дуккакли маҳсулотлар, анор ва хурмо етказиб берилмоқда. Экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажмини янада ошириш мақсадида жорий йилда 2 минг гектарда анорзор ва ёнғоқзорлар ташкил этилди. Шунингдек, 600 дан зиёд инвестиция лойиҳаси асосида янги турдаги музлатгичлар, қайта ишлаш корхоналари барпо этилмоқда.

II халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида қарийб 100 миллион долларлик шартнома имзоладик.

Сайёра Шоева, ЎзА
3 435






Все о погоде - Pogoda.uz