Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.09.2017 18:00 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон маҳсулотлари Москвада намойиш этилди

Москва шаҳрида бўлиб ўтган «Текстильлегпром – 2017» ҳалқаро ярмаркасида ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тадбиркорлик ва саноат изчил қўллаб-қувватланаётгани натижасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ортиб бормоқда. Ишбилармонларимизнинг нуфузли халқаро кўргазма-ярмаркаларда фаол иштирок этаётгани Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган рақобатбардош маҳсулотларни ташқи бозорда намойиш этиш, хорижий компания ва фирмалар билан истиқболли шартномалар тузиш имконини бермоқда.

Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси алоҳида ўрин эгалламоқда.

«Текстильлегпром – 2017» халқаро ярмаркаси текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида энг сўнгги ютуқлар намойиш этиладиган ўзига хос платформа ҳисобланиб, унда соҳанинг етакчи компания ва фирмалари иштирок этади. Бу йилги ярмаркада Ўзбекистон, Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш, Германия, Италия, Польша, Нидерландия, Португалия, Болгария, Туркия, Корея Республикаси, Беларусь, Қирғизистон каби 28 мамлакат вакиллари қатнашган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда 40 га яқин тадбиркорнинг мазкур ярмаркада иштирок этишига кўмаклашди. Кўргазма қатнашчилари Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти ва имкониятлари, таклиф этилаётган хизматлар билан танишди.

Ярмарка доирасида Ўзбекистон компаниялари нуфузли фирма ва компаниялар билан соҳада ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришга келишиб олган. Тадбиркорларимиз томонидан хорижий шериклар билан 146 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланган.

Мазкур халқаро кўргазма мамлакатимиз компания ва корхоналари учун турли давлатлардан келган ишбилармонлар билан савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш, мавжудларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ўз маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзолаш учун қулай имконият бўлди. Бу мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг янада юксалтириш ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини оширишга хизмат қилади.

ЎзА
1 776






Все о погоде - Pogoda.uz