Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.06.2017 17:19 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон маҳсулотлари ЭКСПО – 2017 халқаро кўргазмасида намойиш этилмоқда

Остона, 9 июнь. ЎзА махсус мухбири Бекзод Ҳидоятов хабар қилади.

Дунёда шундай спорт мусобақалари, маданий кўрик-танловлар бор: футбол бўйича жаҳон чемпионати, олимпиада ўйинлари, Formula 1 мусобақаси, Евровидение қўшиқлар танлови... Булар маълум вақт давом этиб, ер юзига тинчлик уруғини сочади, жаҳон халқларини бирлаштиради, инсониятга ўзаро тажриба алмашиш учун қулай шароит яратади.

Саноатлаштириш рамзи, техник ва технологик ютуқлар намойиши учун очиқ платформа ҳисобланган бутунжаҳон кўргазмаси – ЭКСПО 93 кун давом этиб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга ва халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Халқаро кўргазмага бу йил Остона шаҳри мезбонлик қилмоқда. ЭКСПOнинг расмий очилиш маросими 2017 йил 9 июнь куни ўтказилди.

Биринчи жаҳон кўргазмаси Буюк Британия шаҳзодаси Альберт ташаббуси билан “Hyde Park”да ўтказилган. Жозеф Пакстон томонидан ушбу боғда темир ва шиша ёрдамида доира шаклида бунёд этилган “Биллур сарой” барчанинг диққатига сазовор бўлган. 1928 йилда Халқаро кўргазма ўтказиш тўғрисида конвенция имзоланган. Халқаро кўргазмалар бюроси (ХКБ) бошқарув органи ҳисобланади. Уни ўтказиш тартибига кўра (универсал, халқаро, ихтисослаштирилган) уч ойдан олти ойгача давом этади.

Ҳозирга қадар 35 маротаба ўтган кўргазмага Болгария, Испания, Жанубий Корея, Германия, Япония, Хитой, Италия, Туркия сингари мамлакатлар мезбонлик қилган. Анъанавий ўтказиб келинаётган ЭКСПОнинг нуфузи, мавқеи йилдан-йилга юксалиб, унда иштирок этишни истаган давлатлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

ЭКСПО – 2017 кўргазмасида Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Вьетнам, Арманистон, Покистон, Озарбайжон, Беларусь, Куба, Туркманистон, Руминия, Бразилия сингари 120 дан зиёд давлат ўзининг технологик, илмий, маданий ютуқларини намойиш этмоқда. Шунингдек, 20 дан ортиқ халқаро ташкилот иштирок этмоқда.

ЭКСПО – 2017 халқаро ихтисослаштирилган кўргазманинг асосий мавзуси “Келажак энергияси” деб номланган бўлиб, сайёрамизга катта таъсир кўрсатаётган энергия истеъмоли муаммоси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётганини ўзида акс эттиради. Унинг моҳиятини “Углерод диоксиди чиқаришни қисқартириш”, “Энергия самарадор турмуш тарзи”, “Энергия барча учун” сингари мавзуларда ўтказиладиган семинарлар очиб беради.

Қозоғистон Республикаси кўргазмага пухта тайёргарлик кўрган. Илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда бунёд этилган мовий ранг сфера узоқдан кўзга ташланади. “Остона ЭКСПО – 2017” кўргазма мажмуи ана шу сферанинг атрофига жамланган. Умумий майдони 174 гектар. Бу ерда жами 36 объект жойлашган.

Мовий ранг сферанинг сўл қисмида Ўзбекистон байроғи мағрур ҳилпираб турибди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг намойиши учун икки қаватли бино ажратилган. Кираверишда GM Uzbekistan маҳсулоти – Cobalt автомобили қўйилган. Павильон асосий эшигининг тепа қисмига йирик монитор ўрнатилган. Унда мамлакатимизнинг бой маданий мероси, тарихий обидалари, миллий урф-одат ва анъаналари, иқтисодий салоҳияти, туристик масканлар, диёримизда етиштирилган сархил мевалар намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон павильонининг биринчи қавати 630 квадрат метр майдонни эгаллаган. Бу ерда қуёш, шамол ва сув, яъни келажак энергияси маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Биласиз, табиатга зарар етказмай унинг неъматларидан оқилона фойдаланиш, сув, газ ҳамда электрни тежаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, экологик муаммоларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири саналади. Электр энергиясини тежашда қуёш энергиясини қўллаш усули қўл келади. Масалан, ҳозир автомобилларни юргизишда махсус аккумулятордан фойдаланилади. Мамлакатимиз павильонидан ўрин олган қуёш энергияси стендида 2030 йилда автомобилларни қуёш нури ёрдамида қандай қувватлантириш мумкин экани намойиш этилмоқда. Бу кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотаётир.

Умумий майдони 550 квадрат метрни ташкил этган иккинчи қаватда мамлакатимизнинг транспорт ва логистика, туризм соҳалари ҳамда озиқ-овқат, вино ва шарбат тайёрлаш саноатида эришилган ютуқлар, миллий таомларимиз намойиш этилмоқда.

2 469






Все о погоде - Pogoda.uz