ЎзА Ўзбек

14.08.2018 17:04 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – инвестициялар учун истиқболли ва хавфсиз давлат

Ўзбекистон – инвестициялар учун истиқболли ва хавфсиз давлат
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони инвесторлар фаолиятига бўлган эътибор ва уларнинг эркин ишлаши учун зарур енгилликлар яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.

...АҚШнинг “Air Products” компанияси ижрочи директори, президенти ва директорлар кенгаши раиси Сейфи Гасеми мамлакатимизга инвестиция киритиш борасида қарор қабул қилганини ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган туб ўзгаришлар билан боғлаган. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон, Хитой, Саудия Арабистони, Россияни компания раҳбарияти истиқболли ва хорижий инвесторлар учун хавфсиз давлатлар, деб тан олган.

“Air Products” компанияси “Macro-Advisory” консалтинг компаниясини жалб қилган ҳолда дунёнинг истиқболли давлатларини аниқлаш мақсадида мустақил аудит ўтказган. Унга кўра, юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва кафолатлаш, инвесторлар, ишбилармонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, молия, суд соҳасидаги ўзгаришлар, энг муҳими, коррупцияга қарши кураш механизмини жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарасида Ўзбекистон нафақат минтақада, балки бутун дунёда инвестиция киритиш бўйича энг истиқболли давлатлардан бири, деб топилган.

Албатта, ҳар бир инвестор бирон бир давлатга сармоя киритиши учун у ердаги муҳитни жаноб Гасемидек обдон ўрганиб чиқади. Қонун-қоидаси, яратилган шароит ва натижаси эса жуда муҳим.

Шу маънода Президент фармонида инвестор талаб ва истагига мос қатор кафолат ва имтиёзлар яратилди. Масалан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондининг энг кам миқдори 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача камайтирилди. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик уч йиллик виза олиш имкони яратилди. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори уч бараваргача туширилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб инвестициявий фаолиятни амалга ошириш учун ер участкаларини ажратишнинг янги механизми жорий этилади. Унга кўра, тадбиркорларга ер участкаси 50 йилгача ижарага берилади. Энг муҳими, унда маҳаллий ҳокимликларнинг инвесторлар билан ишлаш бўйича ҳам янги тартиби кўрсатиб ўтилган. Дейлик, инвестор ва тадбиркорлик субъекти давлат органи ёки мансабдор шахс қабул қилган маъмурий ҳужжат асосида иш бошласа, бироқ юқори орган ушбу қарорни ноқонуний деб топса, бу ҳолатда тадбиркорга етказилган зарар тўлиқ қопланиб бериш имконияти яратилди.

– Мамлакатимизда тадбиркорларни, хусусан, инвесторларни ҳар жиҳатдан қўллаш, уларга имкониятлар яратиш бугуннинг муҳим вазифасига айланмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ходими Отажон Пирманов. – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ягона давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш учун масъул ваколатли давлат органидир. Қўмитамиз ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар, хусусан, халқаро ташкилотлар, халқаро молия институтлари, чет эллик инвесторлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади. Бугунги кунда маҳаллий ва хорижий сармоядорларнинг инвестициявий таклифлари ўрганилмоқда. Инвестиция бўйича мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни йиғилиш ўтказилади. Бунда инвесторлар ўз режалари ва муаммоларини ҳал этишга муваффақ бўлмоқда.

Мамлакатимиз саноатининг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғи бўйича республика хўжалик бошқарув органи бўлган “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналарнинг аксарияти ва тармоқ корхоналари фаолияти ҳам хорижий сармоялар билан чамбарчас боғлиқ. Бунда янги қувватларни ишга тушириш, янги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга инвестиция маблағини жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, Фориш туманида “Mega invest industrial” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида 15,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги чет эл инвестицияси ўзлаштирилиши эвазига йилига 3 минг тонна базальт толасидан арматура ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида 10,5 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди ҳамда 900 тонна базальт толасидан арматура ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 90 та янги иш ўрни яратилди.

Сир эмас, бугунги кунда мамлакатимизда қурилиш материалларига бўлган талабнинг кундан-кунга ортиб бораётгани туфайли бу каби қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда ўз ўрнига эга. Шу боис янги қувват нафақат маҳсулот турининг кўпайиши, балки янги иш ўринларининг яратилишида муҳим омилдир.

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида “Mingyuan silu industry” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонасида йилига 24 миллион квадрат метр ойна маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича жами 110 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 56,1 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир.

Эътиборли жиҳати, корхона нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Бундай имконият корхона фаолиятини кенгайтириш ва маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишда яхши натижа беради. Безакли қурилиш ойна маҳсулотларини Қозоғистон, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.

Мамлакатимиздаги мавжуд имкониятлар, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, енгиллик ва устуворликлардан уларни етарлича хабардор қилиш ҳам инвестициялар оқимининг иқтисодиётимиз тармоқлари сари йўналтирилишида асосий манбадир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
5 462