ЎзА Ўзбек

10.07.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон глобал қарздорлик бозорига чиқиши мумкин

Ўзбекистон глобал қарздорлик бозорига чиқиши мумкин

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов Bloomberg нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Ўзбекистон жорий йилда АҚШ долларидаги иккинчи евробондларни сотувга чиқариш орқали глобал қарздорлик бозорига чиқиши мумкин, дея қайд этилади мақолада.

“Халқаро инвесторлар мамлакатнинг кредит тарихини кўриш имконига эга бўлишлари керак. Бизнинг илк ҳаракатимиз эса тарих ҳақида маълумот бермайди, балки биринчи қадам эди“, деди М.Нурмуратов.

Мақолада, шунингдек, қуйидагилар келтирилади:

“Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп бўлган мамлакат сиёсатшунослари биринчи сотувдаги муваффақиятни Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида баҳолайди. Узоқ йиллик турғунликдан сўнг ўтган йили Ўзбекистонга илк бор мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ва солиқ ислоҳотлари учун Халқаро валюта жамғармасининг ижобий хулосаси берилди“.

Марказий банк раиси ўз интервьюсида бу йил тижорат банклари ҳам долларли облигацияларни сотиш имконига эга бўлишлари мумкинлигини маълум қилган.

“Биз давлат харажатлари учун маблағ топиш мақсадида эмас, балки халқаро бозорга чиқиш учун интиляпмиз. Ташқи савдо фаолиятининг асосан долларда амалга оширилиши сабаб облигацияларни долларда сотишимиз мантиқан тўғри“, дейди Ўзбекистон вакили.

Нашрда чоп этилган мақолада Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон бўйича берган баҳолари яна бир бор ёдга олинади. Хусусан, Ўзбекистон ислоҳотларнинг дастлабки босқичини муваффақиятли амалга оширгани, эндиликда эса кенг кўламли таркибий қайта қуришдаги истиқболларни белгилаб олиши зарурлиги тилга олинади.

Ўзбекистонда жорий йилда иқтисодий ўсиш суръати 5,5 фоизни, келгуси йили эса 6 фоизни ташкил этиши эслатиб ўтилади.

4 930
ЎзА