Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 13:00 Чоп этиш версияси

Ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифига тайёргарлик доирасида 3 апрель куни мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонасида савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлиги соҳасида Ўзбекистон – Россия муносабатларини янада кенгайтириш ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳар икки мамлакатнинг ваколатли вакиллари савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳасида умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларидан зиёд 16 та икки томонлама битим, шартнома ва бошқа ҳужжатларни имзолади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Россиянинг Улгуржи-тақсимлаш марказлари миллий ассоциацияси, Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси, "РУСУЗХОЛДИНГ" масъулияти чекланган жамияти, "Сибирский Альянс" компаниялар гуруҳи ва "Фуд Сити" улгуржи-чакана озиқ-овқат маркази ва бошқа компаниялар билан англашув меморандумлари имзолади.

Имзоланган ҳужжатлар, аввало, Ўзбекистон маҳсулотларини Россияга етказиб беришни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни молиялаштириш, импорт қилувчи компаниялар вакилларининг мамлакатимизга ташрифларини ташкил этиш, қўшма бизнес-форумлар, кооперацион биржа ва бошқа тадбирлар ўтказиш, кўргазма ҳамда ярмаркаларда иштирок этиш, ишончли шериклар топиш, маркетинг тадқиқотлари ва бошқа тадбирларни амалга ошириш орқали Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштиришга кўмаклашишга қаратилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтириш мақсадида жамғарма томонидан Россия бозорларига қиймати қарийб 25 миллион АҚШ долларига тенг тўқимачилик, мева-сабзавот, озиқ-овқат ва кабель маҳсулотлари етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари тузилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон бозорига 180 турдан ортиқ мева-сабзавот ва улардан тайёрланган маҳсулотларни етказиб бермоқда. Сўнгги уч йилда хорижий давлатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳажми уч баробардан ошди. 2016 йилда жамғарма таъсисчилигида ташкил қилинган агрофирмалар Россияга қиймати 3 миллион доллардан ортиқ бўлган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилган.

Мамлакатимизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг экспорт кўламини кенгайтириш мақсадида жамғарма 2016 йилда Москва ва Уфа шаҳарларида ўз ваколатхоналарини очди. Ушбу ваколатхоналар маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, мамлакатимизда тайёрланган маҳсулотлар учун харидорлар топиш, ташқи бозорларда Ўзбекистон брендини оммалаштириш, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг кўргазма, ярмарка, тендер савдолари ва бошқа тадбирларда иштирок этишига кўмаклашиш, чет эллик импортчиларнинг мамлакатимиз маҳсулот етказиб берувчилари билан музокаралар ўтказиши учун ташрифлар ташкил этиш, халқаро сертификат, лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар олишга ёрдам бериш, Ўзбекистон саноат корхоналари мутахассисларининг хорижий давлатларда малака оширишини ташкил этиш ва бошқа тадбирларни амалга оширади.

Икки давлат ишбилармон доира вакилларининг учрашувлари мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, инвестициялар жалб қилиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилади.

Нодира Манзурова, ЎзА
3 055






Все о погоде - Pogoda.uz