ЎзА Ўзбек

20.01.2019 12:06 Чоп этиш версияси

Ўзаро келишувлар ҳамкорлигимизнинг жадал ривожланишидан далолат беради

Ўзаро келишувлар ҳамкорлигимизнинг жадал ривожланишидан далолат беради

Ҳиндистоннинг Гандинагар шаҳри “Маҳатма Мандир” кўргазмалар мажмуасида “Жўшқин Гужарат – 2019” IX халқаро инвестиция саммити бўлиб ўтди.

Саммит доирасида Аҳмадобод шаҳрида Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлиси ҳам Гандинагар шаҳрида турли давлатларнинг халқаро савдо кўргазмаси ташкил этилди.

Бугунги кунда ҳинд ишбилармонлари юртимизда бизнес юритишга катта қизиқиш билдирмоқда. Айни пайтда икки мамлакат бизнес доиралари кўплаб қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этаётир.

Ажай Ананд, “Aunde India” компаниясининг бошқарувчи директори (Ҳиндистон)

– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги яқин ҳамкорлик тобора ривожланиб бормоқда. Ўзаро келишувларимиз ҳамкорлигимизнинг жадал ривожланишидан далолат беради. Бизнесда бу жиҳат қадрланади. Албатта, тузилган қўшма корхона учун ўз вақтида ер ва жой ажратилиши, биз истагандек келишувга эришилганидан мамнунмиз.

Ўзбекистонда бизнес қилишнинг манфаатли томонлари кўп. Хусусан, Ўзбекистоннинг минтақадаги йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи мамлакат экани биз учун айни муддао. Йигирма йиллик тажрибамиз ва халқаро автомобиль ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлигимиз Ўзбекистонга янги технологиялар ва ғояларни олиб келишимизга хизмат қилади.

Албатта ҳар бир давлат учун хорижий валютани тежаш муҳим масала. Ҳамкорлик муносабати билан Ўзбекистон бозорига мўлжалланган маҳсулотларга 25 фоизлик чегирма эълон қилдик. Боиси, мижоз билан тўғридан-тўғри, воситачисиз ўрнатилган ҳамкорликдан биз ҳам манфаатдормиз. Келажакда ўзбекистонлик мутахассисларни Ҳиндистонга олиб келиб, машина ўриндиқлари учун жилд ишлаб чиқариш технологиялари билан яқиндан таништириш, хомашё билан ишлаш сирларидан бохабар қилиш, автомобиль саноати учун зарур тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда узоқ муддатли бизнесни юритиш сирларини ўргатмоқчимиз.

Канвар Дееп Сингх, “Connecting Patient” компанияси директори (Ҳиндистон)

– Мен Ўзбекистонда кўп маротаба бўлганман, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилганман. Халқингизнинг меҳмондўстлиги ва хушмуомалалиги доимо мени хурсанд қилган. Ҳозирда Ўзбекистонда кўптармоқли тиббиёт клиникаси очиш ҳаракатидаман. Бу борадаги ишлар бошланган. Агар бу амалга ошса, нафақат Ўзбекистон аҳолиси четга бориб даволанишдан тўхтайди, балки Марказий Осиёдан келган беморларга ҳам тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Юртингизда бўлганимда халқингиз менга жуда яхши муносабатда бўлган, хуллас менга ўзбек халқи ўз севгисини изҳор қилган. Шунинг учун бундай халқни дардига оро кириб, соғ-саломат яшашига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Саммит доирасидаги тадбирларда Ўзбекистонлик мутасаддилар билан гаплашдим, улар менинг таклифимни қўллаб-қувватлади ва қандай муаммо бўлса ҳал қилиб беришини айтди. Энг муҳими айни пайтда мамлакатингизда барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу нафақат тиббиётни, балки бошқа тармоқларни ҳам ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.



Умар Асроров, ЎзА
12 688