ЎзА Ўзбек

24.11.2016 19:30 Чоп этиш версияси

Нефть ва газни қайта ишлаш истиқболлари муҳокама қилинди

Пойтахтимизда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ва "О'zlitineftgaz" акциядорлик жамияти ҳамкорлигида "Нефть ва газни қайта ишлаш, муқобил ёқилғи" мавзусида илмий-техник конференция ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатимиз нефть қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналари ходимлари, олимлар, мутахассислар, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари У.Сайидов, "О'zlitineftgaz" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.Ҳақбердиев ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки кунларидан ёқилғи-энергетика комплексини ислоҳ этиш ва модернизация қилиш асосида энергетика мустақиллигига эришиш муҳим стратегик вазифалардан бири сифатида белгиланганини таъкидлади. Ушбу муҳим вазифани ҳал этиш учун нефть-газ комплексини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, нефть ва газ қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмини ошириш, юқори қўшимча қийматга эга импорт ўрнини босадиган, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳаларга хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича мақсадли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб изчил амалга оширилмоқда.

Конференцияда Ўзбекистонда газни қайта ишлаш ва газ-кимё соҳасининг бугунги ҳолати ҳамда истиқболда ривожлантириш, углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш асосида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан маърузалар тингланди. Биогаз, биоэтанол ва электр энергияси олиш бўйича янги технологиялар намойиш этилди. Нефтни қайта ишлаш асосида импорт ўрнини босадиган турли материаллар ишлаб чиқариш ва нефть-газ соҳасига замонавий технологияларни жорий қилиш имкониятлари тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

– Бугунги кунда дунёда полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқариш ҳажми барча полимер маҳсулотларнинг ярмини ташкил этади, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот марказининг етакчи илмий ходими, профессор В.Кудишкин. – Айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида юқори, паст ва ўртача қалинликдаги полиэтилен ишлаб чиқарадиган бир қанча газ-кимё комплекслари фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар мамлакатимиз корхоналарининг ушбу хомашёга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, сифатли ва арзон товарлар ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Бу нефть ва газни қайта ишлашни янада такомиллаштириш ва шу асосда миллий саноатимиз учун юқори сифатли ҳамда технологик хомашё олиш имкониятини яратмоқда.

Илмий-техник конференцияда соҳа мутахассислари ўзаро тажриба ва фикр алмашди.

Роман Бондарчук, ЎзА
10 057