ЎзА Ўзбек

04.06.2019 Чоп этиш версияси

Зафар Зоҳидов: Корпоратив бошқарувга янгича назар

Зафар Зоҳидов: Корпоратив бошқарувга янгича назар


Зафар Зоҳидов: Корпоратив бошқарувга янгича назар

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Давлат иштирокидаги тижорат банкларига эгалик қилиш, уларни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси” лойиҳаси муҳокама қилиш ва таклифлар киритиш учун интернет тармоғига жойлаштирилди. Бу ҳақида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари, “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти эксперти Зафар Зоҳидов билан суҳбатлашди.

– Зафар Тўлқинжонович, 2018 йил сентябрь ойида “Ўзбектелеком” АЖ кузатув кенгашига келишингиз билан компанияда кўп ўзгаришлар юз берди. Бажарилган ишлар хусусида сўзлаб берсангиз.

– Биз бошқарув ходимлари учун харажатларни йилига 7,5 миллиард сўмга камайтирган ҳолда, компаниянинг анча ихчам бошқарув тузилмасини ишлаб чиқдик. Фойдаланмаса ҳам бўладиган 189 та автомашина аниқланиб, улар оммавий аукционлар орқали сотувга қўйилди. Шунингдек, компания харажатлари ҳам камайтирилди, ихтисослашмаган активларни тезкор сотиш бошланди, миноритар улушлар даромад келтирмайдиган компанияларга сотилди. Бутун мамлакатимизнинг мобиль алоқа билан таъминланишини яхшилаш мақсадида таянч станциялар ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, халқаро стандартларга мувофиқ аудит ўтказилмоқда, асосий воситалар қайта баҳоланмоқда. Натижада “Ўзбектелеком” АЖ дастлабки давлат компанияларидан бири (банк тизимидан ташқари) сифатида халқаро рейтинг агентликлари корпоратив рейтингидан жой олиши мумкин. Бу компаниянинг халқаро капитал бозорлари, жумладан Евробондлар бозоридан фойдаланишига ёрдам беради, қарзга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ молиявий харажатларни қисқартиради.

Шунингдек, мамлакатимизда кенг полосали интернетдан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида узоқ муддатга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз олиш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан музокаралар ўтказилмоқда.

– Январь ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги директор ўринбосари этиб тайинландингиз. Агентлик олдида қандай вазифалар турибди?

– Агентлик давлат активларини бошқариш бўйича ягона давлат органи ҳисобланади. Биз бир неча ойда “Давлат иштирокидаги тижорат банкларига эгалик қилиш, уларни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси” лойиҳасини ишлаб чиқдик. Давлат корхоналарини сақлаб қолишнинг мезонларини белгилаш (асослаш), давлат корхоналари улушини бошқараётган органлар фаолиятини такомиллаштириш, мулкдор ва регуляторнинг вазифаларини ажратиш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари ва корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш - унинг асосий мақсадларидандир. Давлат корхоналари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятида тўлақонли бозор механизмларини қўллаш муҳим мақсадлардан биридир.

Ушбу стратегиянинг қабул қилиниши давлат улушини сотишда талаб қилинадиган ёндашувни истисно қилади, давлат корхоналари фаолияти самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади, давлат активларини бошқаришнинг яхлит тизимини яратади. Лойиҳа муҳокама қилиш ва унга таклифлар киритиш мақсадида интернет тармоғига жойлаштирилди.

– Истиқболдаги вазифалар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Давлат иштирокидаги корхоналар учун Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Корпоратив бошқарув қоидалари ишлаб чиқилди. Уларни жорий этиш учун 2019 йил охирига қадар 50 та йирик корхоналарда Осиё тараққиёт банки вакиллари билан техник кўмак бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Давлат компанияларининг шаффоф хусусийлашишини таъминлаш мақсадида илк маротаба машҳур халқаро инвестициявий банклар жалб қилинади. Миллий баҳолаш стандартларини қайта кўриб чиқиш ва уларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу сармоядорларнинг хусусийлаштиришга бўлган қизиқишини ошириш, Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.


6 903
Мунаввар РАЗЗОҚОВА, ЎзА