Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 16:03 Чоп этиш версияси

Юртимизнинг тоғли ҳудудларида 30 минг гектар ёнғоқзор барпо этилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятларга ташрифи чоғида хонадонларда бўлиб, лимон, ёнғоқ, анор, бодринг ва бошқа сердаромад дарахт ва экинлар экиш зарурлигини алоҳида таъкидламоқда. Ана шундай эътибор самарасида юртимизнинг тоғли ҳудудларида 30 минг гектар ёнғоқзор барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришда Президентимизнинг жорий йил 1 июндаги «Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлаётир.

– Илмий жамоамиз тоғли ҳудудларда кўп учрайдиган ёнғоқ, бодом ва бошқа мевали дарахт навларини кўпайтириш ва яратиш устида изланишлар олиб бормоқда, – дейди Бўстонлиқ тоғ илмий-тажриба станцияси директори Каримжон Абдуллаев. – Касалликларга чидамли, маҳаллий иқлим шароитига мос, серҳосил, доривор дарахт навларини яратиш ва истиқболли агротехника қоидаларини ишлаб чиқиш доимий эътиборда. Кейинги бир неча йилда тоғли минтақаларга хос мевали дарахтларнинг ўттиздан ортиқ янги нави яратилди. Келгуси йил учун ҳозирлик кўриш ниятида ёнғоқ уруғини кўпайтиришни бошладик.

Мамлакатимизнинг тоғли ҳудудлари иқлим шароити ёнғоқ, бодом, писта каби дарахт кўчатларининг ўсиши ва юқори ҳосил бериши учун нисбатан қулай жойлар ҳисобланади. Жумладан, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент каби вилоятлар ва Фарғона водийсида бу каби дарахтлардан мўл ҳосил олиш мумкин.

Бўстонлиқ тоғ илмий-тажриба станциясида ёнғоқнинг танлаб ажратилган 15 нави, пайванд йўли билан етиштирилган 100 хилдаги истиқболли формалари парваришланмоқда. Жорий йилнинг баҳорида беш минг туп «Ўзбекистон тезпишари», «Идеал» каби ёнғоқ кўчатлари жойларга етказиб берилди. Кузда экиш учун маҳаллий навлардан яна 4 минг туп кўчат тайёрлаб қўйилди.

Ёнғоқ япроғи шираси илиқ ҳолда қулоққа томизилса, йиринглашнинг олдини олади. Қобиғининг қуюлтирилган шираси томоқ оғриғини босиб, йўталга малҳам бўлади. Қовурилгани киндик устига қўйилса, ичак оғриқларини босиб, ич кетишини тўхтатади. Ёнғоқ мағзи, айниқса, жуда фойдали. Унинг таркибидаги темир, фосфор, мис моддалари, мой ва оқсил таом ҳазмини яхшилайди, қувватни ошириб, асаб тизими фаолиятини меъёрлаштиради.

Ҳар жиҳатдан фойдали бу маҳсулотга нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам талаб юқори. Шу боис вилоятларда ёнғоқ плантацияларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Ҳисор” фермерлар уюшмаси ҳудудида 5 минг гектар ёнғоқзор яратилмоқда. “Ямин-яшин” фермер хўжалигида 20 гектар майдонда ёнғоқ кўчати экилиб, парваришланмоқда. Туман фаоллари ҳар бир хонадонда 10 туп ёнғоқ кўчати экиш ташаббусини илгари суриши натижасида ўрмон хўжалиги ва аҳоли истиқомат қилаётган уйларда ёнғоқ кўчатлари етиштирилмоқда. Айни пайтга қадар ёнғоқзорлар 300 гектардан ошди.

– Мамлакатимизда йилдан-йилга мева-сабзавот, ёнғоқ, бодом ва дуккакли экинлар етиштириш кўпайиб, унинг экспорти учун қулай имкониятлар яратилмоқда, – дейди Андижон вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Абдумутал Сулаймонов. – Вилоятимизда интенсив боғлар, хусусан, ёнғоқзорлар барпо этиш доимий эътиборда. Жорий йилда ёнғоқзорларни кўпайтириш мақсадида 50 гектарда янги плантациялар ташкил этдик. Куз ва баҳорда бу ишлар давом эттирилади. Кейинги йилнинг баҳорида ёнғоқзорларимиз 500 гектардан ортиши мўлжалланмоқда.

Халқимизда «Бир туп ёнғоқ эксанг, ҳосилидан етти авлодинг баҳраманд бўлади», деган гап бор. Бу бежиз эмас. Ёнғоқ дарахти 300-400 йил яшаб, ҳосил бергани боис ундан бир неча авлод баҳраманд бўлади. Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида, аввало, серқуёш заминимиз саховати, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ўзгаришлар мужассам. Орадан йиллар ўтиб, боғбонларимиз яратган бу боғларда кўчатлар кўкка бўй чўзади, шиғил ҳосилга киради. Ана шунда эл маъмурчилиги, бозорлар тўкинлиги янада ошиб, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти бундан-да ортиши шубҳасиз.

Сайёра Шоева, ЎзА
3 078






Все о погоде - Pogoda.uz