ЎзА Ўзбек

20.07.2018 17:16 Чоп этиш версияси

Юртимизда бизнес таълим ҳолати қандай?

Юртимизда бизнес таълим ҳолати қандай?
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида “Республика аҳолисининг кенг қатламларини тадбиркорликка йўналтириш бўйича ўқув жараёнларини такомиллаштиришнинг истиқболлари” мавзусида видеоконференция тарзидаги давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон-Хитой савдо-сотиқ ассоциацияси вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида иштирокчилар Республика тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази, томонидан бизнес таълими натижадорлиги, аҳолининг кенг қатламларини тадбиркорликка йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида марказ ташкил этган ўқув курсларида жами 5 ярим мингга яқин тадбиркорлик субъекти таҳсил олди. Тингловчиларнинг 500 га яқини тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлади, 221 тадбиркорлик субъекти фаолияти кенгайди. Натижада 920 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бу вақт давомида марказ тингловчилари ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, ривожлантириш мақсадида 5,8 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағларини олди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, тизимда ҳали камчиликлар ҳам мавжуд.

– Марказ фаолиятини ҳудудий кесимда таҳлил қилсак, қатор камчиликлар мавжуд, – дейди Республика тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш маркази раҳбари Улуғбек Камолиддинов. – Қатор вилоятларда ўқув курслари ҳақида телевидение, радио, газеталарда эълон берилмаган, улар фаолияти ёритилмаган. Тошкент ва Самарқанд вилоятлари туманларида 3 ой давомида ўқув курслари ўтказилмаган. Навоий вилоятида эса курсларда қатнашиб сертификат олган тингловчиларнинг муаммолари юзасидан сўровлар ўтказилмаган.

Давра суҳбати якунида марказ олдида турган долзарб вазифалар ва келгуси режалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

И.Аҳатова, ЎзА
4 787