Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 16:26 Чоп этиш версияси

Юқори ҳосил учун пухта тараддуд

Сирдарё туманида 2017 йил пахта ҳосили учун чигит экиш мавсумини сифатли ташкил этиш масаласига бағишланган ўқув-семинари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда вазирлик, вилоят ҳокимлиги, “Ўзпахтасаноат”, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятлари ва уларнинг вилоятдаги ҳудудий бошқармалари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, қишлоқ хўжалиги ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, туман ҳокимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Ваҳобов ва бошқалар чигит экиш мавсумини тўғри ташкил этиш, техникадан унумли фойдаланиш, мавсумни қисқа фурсатларда сифатли якунлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Жорий мавсумда вилоятда 101 минг гектардан зиёд майдонга чигит қадаш, унинг 20 минг гектари қўшқатор усулида экилиши кўзда тутилмоқда. 266 минг 423 тонна пахта хомашёси етиштириш режалаштирилган. Шу мақсадда 4 мингга яқин фермер хўжалиги тасарруфидаги ерларга ғўзанинг “Султон”, “Ан-Боёвут-2”, “Бухоро-102”, "С-6524", “Порлоқ”, “Гулистон” ва бошқа янги истиқболли синов навлари экилади. Мавсум учун талаб этиладиган сифатли уруғлик чигит тайёрлаб қўйилди.

– Чигит экиш мавсумини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш юқори ҳосил олишнинг муҳим босқичидир, – дейди вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги котибияти бош мутахассиси И.Раҳмонов. – Вилоят бўйича 302 отряд тузилиб, унинг таркибига агрономлар, сув, ёқилғи, минерал ўғит, техника таъминоти бўйича мутахассислар бириктирилган. Отрядларга 11 минг 800 дан ортиқ экиш сеялкаси, барона, ер текислагич, чизель, чопиқ ва ҳайдов тракторлари, минерал ўғит сепгич, ёқилғи ташиш автотранспорти ва бошқа техникалар жалб этилди. Ҳар гектар ерга 54 литрдан ёқилғи-мойлаш, 100 килограммдан фосфорли ва 50 килограммдан калийли минерал ўғитлар сарфланиши ҳисобга олиниб, етарли маҳсулотлар захираси яратилмоқда.

Чигит экиш мавсуми вилоятда 22 мартда бошланади. Бунинг учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилган. Семинарда соҳа раҳбарлари ва мутахассислар томонидан экиш ишларини ташкил этиш, агротехник тадбирлар хусусида тавсиялар берилиб, навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 706






Все о погоде - Pogoda.uz