Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 18:10 Чоп этиш версияси

Ёшлар тадбиркорлиги муҳим масала

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун кенг имконият ва қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Миришкор ва Қарши туманларида ёш фермер ва тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотларда бу алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ташкилотнинг масъул ходимлари, тижорат банклари, туман ҳокимликлари, соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари, бир гуруҳ ёш фермер ва тадбиркорлар, журналистлар иштирок этди.

Очиқ мулоқотда ёш тадбикор ва фермерлар эришаётган ютуқлар эътироф этилиш билан бирга, уларни қийнаётган муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

– 2014 йилда Касби иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битириб, фермерлик фаолиятимни бошлаганман, – дейди Касби туманидаги “Мадинабону Пўлатова” фермер хўжалиги раҳбари 21 ёшли Дилноза Раҳмонова. – Хўжалигимиз тасарруфидаги 45 гектар ернинг 15 гектарида ғалла, 25 гектарида ғўза ва 5 гектарида мева-сабзавот етиштирамиз. Жорий йилда ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажардик. “Порлоқ” навли ғўзага айни пайтда учинчи сув берилмоқда. Сабзавот экинлари учун мўлжалланган 4 гектар ерга мош, ловия ва сабзи экилган. Бир гектарлик боғимизда олма, нок, олхўри, бодом каби мевалар бирин-кетин пишмоқда. Ушбу мева-сабзавотлардан жорий йилда 80-100 миллион сўм атрофида даромад олишни мўлжаллаяпмиз. Аммо белгиланган агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш учун жиддий муаммоларга дуч келмоқдамиз. Масалан, еримиз электр насоси ёрдамида суғорилади. Насос жуда эскиргани боис тез-тез бузилади. Шунингдек, ерни вақтида ағдариш учун ҳайдов тракторига эҳтиёжимиз бор. Бугунги очиқ мулоқотда шу таклифларимни масъулларга айтдим ва улар муаммоларни ижобий ҳал этишга ваъда беришди. Бундан жуда хурсанд бўлдим.

Мулоқотда фермер хўжалигини кўп тармоқли қилиш учун кредит олиш муаммолари, чопиққа чиққан мавсумий ишчиларнинг маошлари, экинни суғориш учун оқар сув етказиб бериш муаммосини бартараф этиш йўллари ва бошқа масалалар хусусида атрофлича сўз юритилди.

– Туяқуш парвариш қилишга мўлжалланган фермер хўжалигини ташкил этиш бўйича бизнес ғоямни ишлаб чиқдим, – дейди шаҳрисабзлик ёш тадбиркор Ражаб Исмоилов. – Уни амалга ошириш учун 30 миллион сўм банк кредити ва шаҳар ҳудудидан 5 гектар ер зарур. Аммо бу масалада туман ҳокимлиги ва банкка қилган мурожаатим жавобсиз қолмоқда. Фермер хўжалиги ташкил этилса, биринчи навбатда, шаҳарда сайёҳлар томоша қиладиган яна бир маскан пайдо бўлади. Очиқ мулоқотда бу истагимни масъулларга тушунтириб бердим. Мутасаддилар бизнес ғоямни ўрганиб чиқиб, масалани ижобий ҳал қилишга ваъда берди.

Мулоқотларда кўплаб муаммолар жойида ҳал этилган бўлса, айрим мурожаат ва таклифлар ўрганилиб, экспертлар гуруҳи томонидан ҳукуматга тақдим этиш учун умумлаштирилди. Тадбирлар доирасида вилоятнинг диққатга сазовор жойларига, ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳат уюштирилди.

Бу каби очиқ мулоқотлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
3 476






Все о погоде - Pogoda.uz