Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2017 16:43 Чоп этиш версияси

Ёшлар тадбиркорлиги: амалиёт ва самара

Ёшлар тадбиркорлиги: амалиёт ва самара Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати навқирон авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун шароит ва имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Мазкур қонун давлат томонидан ёшларнинг иқтисодий мустақиллигини ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, уларни тадбиркорлик фаолияти асослари бўйича ўқитиш каби муҳим вазифаларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Сурхондарё вилояти кенгаши масъул ходими У.Қулмаматов.– Қонун ижроси доирасида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар сифати ва самарадорлигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ёшларнинг фаоллигини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларда тадбиркорлик кўникмасини мустаҳкамлаш "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг муҳим вазифаларидан биридир.

Ҳаракатнинг вилоят кенгаши томонидан Термиз шаҳри ва туманлардаги 14 ўрта махсус, касб-ҳунар коллежида бизнес клублар ташкил этилган. Бу ерда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар учун ўқув-семинарлар ўтказилиб, истиқболли бизнес лойиҳалар тайёрлашга кўмаклашилмоқда. Имтиёзли кредит олишига ёрдам берилмоқда. 2016 йилнинг 11 ойида тижорат банклари томонидан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаб, тадбиркорликни бошлаган битирувчиларга 17 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилди. Ҳаракатнинг “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Менинг бизнес ғоям” лойиҳалари ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этишда яхши самара бермоқда. 2016 йилда ўтказилган “Менинг бизнес ғоям” лойиҳасида иштирок этган кўплаб ёшлар ўз бизнесини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқига эга бўлгани бунга яққол мисолдир.

Термиз шаҳридаги 1-академик лицейни 2016 йил тамомлаган Ш.Оролова ана шундай ёшлардан бири. “Менинг бизнес ғоям” лойиҳасида ўз бизнес режаси билан иштирок этиб, тижорат банкининг 35 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағини олишга муяссар бўлган.

– Бу маблағдан фойдаланиб, ўз бизнесимни йўлга қўйдим. Зарур хомашёни харид қилдим, – дейди Шаҳризода. – Ҳозир ўнга яқин қизга миллий ҳунармандлик ва сунъий атиргул тайёрлаш сирларини ўргатмоқдаман. Биз тайёрлаётган ранг-баранг сунъий атиргулларга таълим муассасалари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар катта қизиқиш билдирмоқда.

Бўлғуси ишбилармонларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишида тижорат банклари ва жамоат ташкилотлари фаол иштирок этмоқда. Термиз давлат университети, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилаётган "Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси ҳам битирувчи ёшларнинг ўқишни давом эттириши, уларни касбга йўналтириш, тадбиркорликка қизиқишини ошириш ва иш билан таъминланишида муҳим аҳамият касб этаётир. Ижтимоий шериклик асосида ташкил этилаётган ўқув-семинар, кўрик-танлов ва бошқа тадбирлар ёш тадбиркорлар сафини кенгайтириб, юртимизда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш кўламини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2016” кўрик-танлови касб-ҳунар коллежларини битириб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган қизларнинг ташаббусларини муносиб рағбатлантирди. Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ўз бизнес лойиҳаси билан иштирок этган 400 га яқин қизнинг 42 нафари вилоят босқичида ўз лойиҳаси учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлди.

Касб-ҳунар коллежларида устахоналар ва ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун замонавий жиҳозланган ихчам корхоналар барпо этилгани ўқув амалиёти сифатини ошириш билан бирга, ёшларнинг соҳага қизиқишини янада мустаҳкамламоқда. Олтинсой саноат касб-ҳунар коллежида 1 минг 127 йигит-қиз 8 йўналишда таълим олмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қандолатчилик йўналишида таьлим олаётган ёшлар замонавий цехларда ўз билим ва кўникмасини амалиёт билан боғлаётгани яхши самара бермоқда.

– Болаликдан турли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган хусусий корхонам бўлишини орзу қиламан, – дейди коллежнинг қандолатчилик йўналиши битирувчиси С.Намозова. – Бу қизиқишимни руёбга чиқариш учун коллежимизда барча шароит мавжуд. Назарий билимларимизни коллеж қошидаги мўъжаз корхонада амалий машғулотлар билан бойитиб, бир-биридан ширин, ҳар хил мазали маҳсулотлар ишлаб чиқариш сирини пухта эгаллаяпмиз. Коллежни тамомлагач, албатта, болаликдаги орзуимни руёбга чиқариб, маҳалламизда қандолатчилик корхонаси ташкил этаман. Тенгқурларимни иш билан таъминлайман. Бу истагимни руёбга чиқариш биз, ёшларнинг ҳуқуқ ва интилишларимизни кафолатлаган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунда ҳам ўз ифодасини топган.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
4 013






Все о погоде - Pogoda.uz