Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 15:56 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркорлар ҳудудий кўргазмаси

Ёш тадбиркорлар ҳудудий кўргазмаси Андижонда “Ватаним равнақига менинг ҳиссам!” шиори остида ёшлар раҳбарлик қилаётган тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларининг ҳудудий кўргазмаси бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

– Кўргазмада барча туман ва шаҳарлардан 20 дан зиёд тадбиркорлик субъекти ўз маҳсулотларини намойиш этди, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи У.Тожибоев. – Бундай тадбир уларга ўз имконият ва салоҳиятини намойиш этиш, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш имкониятини беради.

5.JPG

Андижон шаҳридаги “Салом ҳамкор текстиль” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари, Жалақудуқ туманидаги “Astonish-Medikal” хусусий корхонасида тайёрланган дори-дармон воситалари юқори баҳоланди.

– Корхонамизда 20 га яқин турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланади, – дейди “Салом ҳамкор текстиль” хусусий корхонаси иш юритувчиси, ёш тадбиркор А.Ҳошимов. – Ёш тадбиркорларга кўрсатилаётган эътибор ва кўмак туфайли қисқа вақт ичида ички бозорда ўз ўрнимизни топдик. Ўтган йили корхонамизнинг айланма маблағи ҳамда “Ҳамкорбанк” акциядорлик-тижорат банкидан олинган 900 миллион сўм кредит ҳисобига хориждан замонавий тикув дастгоҳлари келтириб ўрнатдик. Натижада ишлаб чиқариш хажми ва маҳсулот сифати кескин ортди. Жорий йилнинг биринчи ярмида 1 миллиард 650 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланди. Корхонамизда меҳнат қилаётган 55 ишчининг аксарияти касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир.

Кўргазма доирасида ёш тадбиркорлар, хусусан, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш арафасида турган йигит-қизлар, коллеж битирувчилари учун “устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини самарали йўлга қўйиш мавзуларида ўқув-амалий семинар ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёш тадбиркорларга соҳага оид миллий қонунчилик, шунингдек, солиқ тўловлари бўйича имтиёз ва преференциялар, кредит олиш, ҳисобот топшириш, маркетинг ишларини йўлга қўйиш сингари қатор йўналишларда тушунчалар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Тадбир якунида ишлаб чиқариш борасида юксак натижаларга эришаётган бир гуруҳ ёш тадбиркор ва ҳунармандлар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 572






Все о погоде - Pogoda.uz