ЎзА Ўзбек

24.01.2019 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркорлар сафи кенгаймоқда

Ёш тадбиркорлар сафи кенгаймоқда

Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ёшлар истиқболини таъминлаш йўлида амалий аҳамият касб этган муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.

Мазкур ҳужжатда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг давр талабига монанд механизмлари ва долзарб вазифалари белгилаб берилди.

Наманган вилоятида ҳам Давлат дастури ижроси доирасида вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланган бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича вилоят комиссияси, ҳудудий штаб ҳамда ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланди. Шаҳар ва туманларда ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар, солиқ, иқтисодиёт, молия, меҳнат, қурилиш бошқармалари, Ёшлар иттифоқи ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳудудий кенгашлари, Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари раҳбарларидан иборат таркибда 805 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, уларга 5 минг 590 нафар аъзо бириктирилди ва маҳаллалар бўйича тақсимланди.

Бугунги кунда вилоятдаги 769 та маҳаллада 2 миллион 737 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Шундан 841 минг нафардан кўпроғи ёки 30,7 фоизи 14-30 ёшлилардир.

Дастур ижросини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий штабдан олинган маълумотларга кўра, аввало, ёшлар муаммоларини ўрганиш ва шу асосда аниқ режа белгилаб олиш мақсадида ишчи гуруҳлар томонидан ўтган йил июль ойида маҳаллаларда уйма-уй юриб хатлов ўтказилди. Жараёнга 492 мингга яқин хонадон қамраб олиниб, ёшлар билан бевосита суҳбатлашилди, тегишли тартибда сўровнома маълумотлари шакллантирилди.

Ўрганишларда аниқланишича, айни пайтда рўйхатга олинган ёшларнинг 45 минг 284 нафари (5,8 фоизи) ишсиз, 3 минг 229 нафари (4,2 фоизи) меҳнатга лаёқатсиз бўлса, 87 минг 531 нафари (11,4 фоизи) норасмий иш билан банд. Ёшлар билан ўтказилган юзма-юз суҳбатларда уларнинг 23 мингдан кўпроғи қизиқиш ва қобилиятига муносиб иш жойи бўлса, ишлаш, 22 минг нафари таълим олиш, 10 минг нафарга яқини ҳарбий хизматга бориш, яна шунчаси тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит, ер ва бино олиш истагини билдирган.

Бундан ташқари, хатлов давомида маълум бўлдики, 1000 нафардан зиёд ёшлар доимий яшаш жойида рўйхатда турмасдан истиқомат қилаяпти. 3 мингга яқини уй-жойга муҳтож ва 400 нафардан кўпроқ ёшлар оила қуриш, аниқроғи, тўй маросимини ўтказиш имкониятига эга эмас. Ачинарлиси, 19 минг 481 нафар ёш узоқ муддатга ишлаш учун четга чиқиб кетган.

Штабдан тақдим этилган маълумотномага кўра, уйма-уй юриб ўрганишларда, шунингдек, бошқа соҳаларга оид жами 2096 та муаммо аниқланган ва улардан 1678 таси (80 фоизи) жойида ҳал этилган.

Хўш, ўрганишларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда? Уларнинг қайсилари жойида ҳал этилди?

Ишчи гуруҳлар томонидан 1 минг 545 нафар ёш тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди, 179 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога ногиронлик аравачаси ва протез-ортопедия анжомлари тарқатилди, 981 нафар ёш оиланинг фарзандлари мактабгача таълим муассасасига, 8 минг 396 нафар ёш ишга жойлаштирилди. Тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган 452 нафар ёшга бизнес-режа тузишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Дастур доирасида бугунгача вилоятнинг Наманган шаҳри ва Норин, Поп, Наманган, Чортоқ, Учқўрғон туманларида 7 та “Ёшлар меҳнат гузари” ҳамда Мингбулоқ туманида намунавий тарзда 1 та ёш тадбиркорлар “Коворкинг” маркази қуриб, фойдаланишга топширилди.

Мулоқотлар чоғида ишчи гуруҳларга 9 минг 300 нафардан зиёд ёшлар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки ривожлантириш учун кредит олиш масаласида ёрдам сўраган ва кредитга бўлган эҳтиёж 163 миллиард сўмдан кўпроқни ташкил қилган эди. Вилоят комиссияси томонидан 300 нафарга яқин ёш тадбиркорга 62 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратиш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланган. Бугунгача улардан 170 нафарининг бизнес лойиҳаси 42 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи билан молиялаштирилган.

Жумладан, Наманган шаҳридан 18, Косонсой туманидан 7, Мингбулоқдан 7, Наманган туманидан 18, Нориндан 11, Попдан 17, Тўрақўрғондан 13, Уйчидан 19, Учқўрғондан 21, Чортоқдан 8, Чустдан 13, Янгиқўрғон туманидан 11 нафар ёш тадбиркорга мурожаатлари асосида кредит маблағлари ажратилишига эришилган.

Дастур доирасида кўрилган чора-тадбирлар самарасида бир қатор ёш тадбиркорлар турли йўналишларда ўз фаолиятини бошлаган. Буни Наманган туманида М.Каримов “Ҳимоя тўрлари” хусусий корхонасини ташкил қилиб, сунъий чим қоплама ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани (12 та иш ўрни яратган), косонсойлик М.Абдуллахонов “Косонсой автосервис” МЧЖда сочиқ ишлаб чиқара бошлагани (20 кишининг бандлигини таъминлаган), Наманган шаҳридан Р.Абдуллаев ички кийимлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Тимур спорт” МЧЖ фаолиятини йўлга қўйиб 35 та иш ўрни яратгани каби мисолларда кўриш мумкин.

Дастур доирасида жорий йилда 574 нафар ёш тадбиркор томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган 164 миллиард 318 миллион сўмлик лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилган. Лойиҳалар рўёб чиқарилса, 7 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Ёш тадбиркорлар ташаббусини рағбатлантириш борасида ҳам чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, 2019 йил 15-19 апрель кунлари Хитой Халқ Республикасининг Гуанжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган экспорт ва импорт моллари халқаро кўргазмаси – истеъмол товарлари ва ишлаб чиқариш ускуналари “125 – Canton fair”да 20 нафар ёш тадбиркорнинг иштирок этиши учун сарфланадиган маблағнинг 50 фоизини маҳаллий бюджетдан қоплаш, ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда кўрсатилаётган хизматлар савдосини янада кўпайтириш мақсадида улар учун доимий савдо уйлари, мини-ишлаб чиқариш техника ва технологияларининг доимий савдо маркази (Ўзбекистон – Хитой савдо уйининг филиали) фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Албатта, дастур ижросини таъминлашда эришилган ютуқлар билан бирга, белгиланган режанинг ҳали охиригача бажарилмаган бандлари ҳам бор. Жумладан, дастурга мувофиқ, ташаббускор тадбиркорлар томонидан Наманган шаҳрида, Мингбулоқ, Косонсой, Норин, Поп ва Чуст туманларида 3 тадан, Тўрақўрғон, Наманган, Уйчи, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида 2 тадан, Учқўрғон туманида 1 та “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуаларини қуриш режалаштирилган. Шунга кўра, Наманган шаҳрида 2 та, Норин, Поп, Наманган, Чортоқ, Уйчи туманларида 1 тадан “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуалари фойдаланишга топширилганига қарамай, Косонсой, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Учқўрғон, Чуст, Янгиқўрғон туманларида бу борадаги режалар бажарилмай қолди.

Шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича туман ва шаҳар комиссияларининг ёшларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун бўш турган бино ёки ер ажратиш бўйича тавсиялари ҳануз ижросини топмаган. Кредит расмийлаштириш учун талаб этилган ҳужжатлар тўпламини тўлиқ тақдим этган бўлишига қарамай, 11 нафар ёш тадбиркорнинг бизнес лойиҳасига Миллий банк, Ҳамкорбанк, Халқ банки муассасалари томонидан кредит маблағи ҳали ажратилмаган.

Образли қилиб айтганда, боғ ниҳоллардан барпо бўлади. Келажакда у берадиган самара ниҳолларнинг бугунги парваришига боғлиқ. Шу маънода, мамлакатимизда ёшлар тарбиясига қаратилаётган алоҳида эътибор умумий боғимиз – она Ватанимиз келажагига дахлдорлиги билан аҳамиятли. Зеро, давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридан туриб ёшлар ҳуқуқи тўғрисида конвенция қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилгани бутун дунё ҳамжамиятини ҳушёр торттиргани бежиз эмас.

10.jpg

12.jpg


9 023
Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА​