Ёш тадбиркорлар сафи кенгаймоқда
Мамлакатимизда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тизимида ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилган 140 “Ёш тадбиркор” консультатив маркази фаолият юритмоқда. Жорий йилда бундай марказлар фаолиятини мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳарида йўлга қўйиш режалаштирилган.
Мамлакатимизда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тизимида ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилган 140 “Ёш тадбиркор” консультатив маркази фаолият юритмоқда. Жорий йилда бундай марказлар фаолиятини мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳарида йўлга қўйиш режалаштирилган.Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳида ташкил этилган “Ёш тадбиркор” консультатив маркази координаторларининг малакасини оширишга бағишланган тадбирда бу ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ёшларни мазкур соҳага кенг жалб қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Ўқув оромгоҳида ташкил этилган беш кунлик интерактив машғулотларда мутахассисларнинг “Тадбиркор бўлиш истагидаги ёшлар билан ишлаш механизм ва усуллари”, “Тадбиркор психологияси”, “Бизнес режа ва унинг таркибий қисмлари”, “Банк кредити тамойиллари, кредит олиш тартиблари” каби мавзулардаги маърузаларини тингладик, қизғин баҳс-мунозаралар бўлди, – дейди Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги “Ёш тадбиркор” консультатив маркази координатори А.Эгамбердиев. – Туманимиздаги 5 касб-ҳунар коллежи ҳамда тижорат банкларининг ҳудудий бўлимлари билан ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларга бу борада тегишли маслаҳатлар бериш бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Банк мутахассислари, ташаббускор тадбиркорлар, коллежлар раҳбар ва ўқитувчилари иштирокида битирувчилар билан ҳафтада бир марта давра суҳбати ўтказилади. Ўқув оромгоҳида олган билимларим асосида бу каби тадбирларни янада самарали, қизиқарли ташкил қилишга ҳаракат қиламан.
Оромгоҳ фаолияти доирасида мутахассис ва координаторларнинг Республика ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази олдида турган устувор вазифаларни амалга оширишга доир қўшимча таклифлари ўрганилди.
Якунда ҳудудий координаторларнинг тадбиркорлик фаолияти ва бизнес-тренерлик маҳоратини оширишга қаратилган тақдимотлари кўриб чиқилди.