Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 18:05 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркорлар муаммолари ҳал этилмоқда

Сурхондарё вилоятида ёш тадбиркор ва фермерлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни улғайтириш, уларнинг истеъдод ва ташаббусларини рағбатлантиришда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши масъул ходимлари, вилоятдаги тижорат банклари, турли идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган тадбирда тадбиркорлик, фермерлик билан шуғулланиб, юрт тараққиёти, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқчи бўлган ёшларнинг ташаббус ва ғоялари муносиб қўллаб-қувватланаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

– Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор ёш тадбиркор ва фермерларнинг ҳаётимизда юз бераётган туб ўзгаришларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаб, уларни янада изланишга, янгилик яратишга даъват этмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти кенгаши ”Ёш тадбиркор” консультатив маркази координатори Умид Қулмаматов. – Биз, ёшларнинг орзу-умидларини тўлақонли рўёбга чиқаришга кўмаклаша оладиган ва мутлақо янгича тизимда фаолият юритадиган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилотига асос солингани барчамизни янада руҳлантирди. Ёш тадбиркор ва фермерларимиз билдирилган бундай юксак ишончга муносиб бўлишга интилмоқда.

Очиқ мулоқотда ёш тадбиркор ва фермерлар келажакдаги режалари, орзу-истаклари ҳақида гапирди. Уларнинг муаммолари тингланиб, айримлари жойида ҳал этилди. Ечими вақт талаб этадиган баъзи масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш учун мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.

Ёш тадбиркор ва фермерлар “Сурхон Термиз Чинни” масъулияти чекланган жамиятининг маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 905






Все о погоде - Pogoda.uz