Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2017 10:59 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркор ва фермерларнинг муаммолари жойида ҳал этилди

Сирдарё вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган 1 минг 300 дан зиёд ёшга тижорат банклари томонидан 17 миллиард 8 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган.

Бу ҳақда Сирдарё туманида ўтказилган ёш тадбиркорлар ва фермерларнинг муаммо ва таклифларини ўрганишга бағишланган очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда солиқ, тижорат банклари мутахассислари, вилоят фермерлар кенгаши, “Ягона дарча” марказлари раҳбарлари, ёш фермерлар, тадбиркорлар ва шу соҳада фаолият юритиш истагида бўлган ёшлар иштирок этди.

Очиқ мулоқотда ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини ўрганиш, улар дуч келаётган муаммоларга жойида ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Бугунги тадбир айниқса, биз, ёш тадбиркорлар учун ғоят фойдали бўлди, – дейди Гулистон туманидаги “Нурафшон ҳаёт сеҳри” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Отаёр Ҳайдаров. – Корхонамиз замонавий жиҳозланган, 6 киши иш билан таъминланган. Аммо, бизга ун фонди ажратилмагани боис ишимиз тўхтаб қолган эди. Бугунги мулоқотда шу муаммони кўтардим. Вилоят ҳокими масалани жойида ҳал қилиб берди. Шунингдек, чорвачилик фермаси ташкил этиб, гўшт, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун банкдан 70 миллион сўм кредит маблағи олишда муаммо юзага келаётган эди. Тижорат банкига бизнес лойиҳамизни кўриб чиқиб, қонун талаблари асосида кредит ажратиш топшириғи берилди. Агар бу муаммо ҳам ҳал бўлса, яна 16 тенгдошим иш билан таъминланади.

– Жорий йил давлатга ғалла сотиш режасини ортиғи билан бажардик, – дейди Ховос туманидаги “Ховос-Жамшидбек” фермер хўжалиги раҳбари Азиза Ҳакимова. – Ғалладан бўшаган майдонга вилоятдаги экспортёр ташкилотлар билан шартнома тузиб, мош экдик. Ҳозир баравж ўсмоқда. Техника масаласида қийналаётганимни билдириб, лизинг асосида техника ажратилишини сўрадим. Вилоятимиз ҳокими шу ернинг ўзида масалани ҳал қилиб берди. Шунингдек, йилқичиликни ташкил этиш режамиз ҳам бор, аммо уни ривожлантириш учун озуқа базаси мустаҳкам бўлиши керак. Шу мақсадда унумдорлиги паст, яхши ҳосил бермаётган ердан озуқабоп экинлар учун 10 гектар ажратилишини сўраб, ваколатли ташкилотларга мурожаат қилдим, натижа бўлмади. Умид қиламанки, бу масала ҳам ўз ечимини топади.

Тадбирда банк, солиқ ва кадастр ташкилотлари, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ёшларга савол ва мурожаатлари юзасидан атрофлича тушунча ва маслаҳатлар берди. Ёшлар томонидан кўтарилган муаммо ва таклифларнинг асосий қисми шу ерда ўз ечимини топди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
4 460






Все о погоде - Pogoda.uz