Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2017 20:04 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркор ва фермерлар тажриба алмашди

Самарқандда вилоятда фаолият юритаётган ёш фермер ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги”ги фармони ижроси доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ёш фермер ва тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббусларини ўрганиш, улар дуч келаётган муаммоларга ечим топиш каби мақсадларга қаратилди.

Самарқанд туманидаги “Аъзам Азамат Агро” кўп тармоқли фермер хўжалигида ташкил этилган ёш фермерлар учун очиқ мулоқотда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши вакиллари, вилоятдаги тижорат банклари, давлат солиқ бошқармаси, савдо-саноат палатаси, фермерлар кенгаши, “Ягона дарча” маркази ва бошқа ташкилотлар масъул ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши бўлим бошлиғи Б.Мамадалиев, Самарқанд тумани ҳокими Б.Қодиров ва бошқалар ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу борада уларга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида давлатимиз томонидан кенг имконият ва имтиёзлар берилганини таъкидлади. Бу имкониятлардан самарали фойдаланган йигит-қизлар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, юртимиз иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Вилоятнинг барча туманларидан келган ёш фермерлар ўз фаолияти давомида юзага келаётган муаммо ва камчиликлар ҳақида гапириб, мутасаддилардан жавоб олди. Шунингдек, “Аъзам Азамат Агро” кўп тармоқли фермер хўжалиги ҳамда “Агромир” корхонаси фаолияти билан танишди, ўзаро тажриба алмашди.

Очиқ мулоқотнинг иккинчи куни Ургут туманида ташкил этилди ва ёш тадбиркорлар учун “Ургут” эркин иқтисодий зонасига бизнес-саёҳат уюштирилди. Саёҳат давомида ёш тадбиркорлар эркин иқтисодий зонада яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Шундан сўнг ўтказилган очиқ мулоқотда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларига мурожаат қилди, таклиф ва ташаббусларини билдирди.

– Очиқ мулоқот барчамиз учун фойдали бўлди, – дейди Нуробод туманида фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркор Зилола Худоёрова. – Аввало, Ургут туманидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишиб, кўп нарса ўргандик, ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришдик. Масъул идоралар раҳбарлари билан учрашувда эса тикувчилик фаолиятимизни кенгайтириш учун Нуробод тумани марказидан жой ажратилишини сўраб мурожаат қилдим. Масала шу ернинг ўзи ҳал этилди.

Очиқ мулоқотлар натижасида ёш тадбиркор ва фермерлар фаолиятида дуч келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш, уларни ҳал этиш юзасидан амалий чоралар кўриш ҳамда ҳар бир ҳудуд салоҳиятидан келиб чиқиб ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 934






Все о погоде - Pogoda.uz