Ёш мутахассислар учун меҳнат ярмаркаси
Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари билан ҳамкорликда ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари билан ҳамкорликда ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан меҳнат бозори талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда юқори билим ва малакага эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратишга доимий эътибор қаратилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги меҳнат бозори тезкор давр талабига монанд ривожланиб бораётган, илғор технология ва усуллар жадал жорий этилаётган, иш берувчилар томонидан мутахассисларга талаб ва эҳтиёж катта бўлган жабҳа саналади.
Ушбу меҳнат ярмаркаси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, Тошкент давлат аграр университети битирувчиларига ўз мутахассисликлари бўйича иш ўринлари таклиф этиш мақсадида ташкил этилди.
Меҳнат ярмаркасида Тошкент давлат аграр университети битирувчиларига қишлоқ хўжалиги, агросервис соҳасидаги 70 дан ортиқ ташкилотдан келган масъул ходимлар бўш иш ўринлари, ёш мутахассислар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар, меҳнат қонунчилиги ҳақида маълумот берди.
Мазкур билим даргоҳини 2016-2017 ўқув йилида 18 бакалавриат таълим йўналиши бўйича 1612, 23 магистратура мутахассислиги бўйича 141 йигит-қиз тамомламоқда.
Университет битирувчилари учун мутахассислик-карьера куни сифатида ўтказилган мазкур тадбирда иш берувчилар кадрларнинг илмий-маърифий салоҳияти, қобилияти, иқтидори, интилишлари ҳақида кенг маълумотга эга бўлди.
Ярмаркада 350 дан ортиқ иш берувчи ва битирувчи ўртасида шартномалар имзоланди.