Ёш мутахассислар учун бўш иш ўринлари
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиалида бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиалида бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши учун шароит яратишга, ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ярмаркада ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритувчи корхона ва муассасалар, давлат органлари мавжуд бўш иш ўринлари билан қатнашди. Тадбир компания, ташкилот ва корхоналар, давлат идораларига замонавий билимларни пухта ўзлаштирган истиқболли кадрларни жалб қилиш, ёш мутахассисларга ишли бўлишда кўмаклашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
– Жорий йилда 3 мутахассислик бўйича бакалавр ва магистратура йўналишларини 300 га яқин ёш мутахассис битиради, – дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали директори Бахтиёр Мирзакаримов. – Уларни иш билан таъминлаш учун барча чора-тадбирлар кўрилган. Ўтган ўқув йилида битирувчиларимизнинг 96 фоизи ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларга ишга жойлашган. Бугунги ярмарка ҳам иш берувчи ва ёш мутахассислар ўртасида самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бу йил вилоятда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадр тайёрловчи 12 касб-ҳунар коллежини турли мутахассисликлар бўйича 2 мингдан зиёд ёш битиради. Ярмаркада улар ўзлари учун мақбул бўш иш ўринлари билан танишди.
Ярмаркада тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга солиқ идораси ва тижорат банклари ходимлари томонидан солиқ имтиёзлари, кредит олиш йўл-йўриқлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.