ЎзА Ўзбек

06.02.2019 16:21 Чоп этиш версияси

Ёш фермернинг ютуқлари омили

Ёш фермернинг ютуқлари омили

Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги “Аҳмадий Шаҳобиддин” чорвачилик фермер хўжалигида чорвачиликни ривожлантириш истиқболлари, илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда фермер хўжаликлари раҳбарлари, партия фаоллари, ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 октябрдаги “Чорвачилик ва балиқчилик тармоқларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мамлакатимизда аҳолининг гўшт, сут ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган чора-тадбирлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Иштирокчилар “Аҳмадий Шаҳобиддин” чорвачилик фермер хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

– Бугун фермер бўлиш истагида бўлган ўзим тенги дўстларим билан фикр алмашдим, – дейди ёш фермер Шаҳобиддин Аҳмадий. – Мамлакатимизда, айниқса, ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибордан самарали фойдаланишимиз лозимлиги ҳақида суҳбатлашдик. Тармоқдаги ўз тажрибам ҳақида гапириб бердим. Касб-ҳунар коллежини битиргач, кўптармоқли фермер хўжаликларида чорвачилик сирларини ўргандим. Тўпланган тажриба асосида 2018 йил сентябрь ойида “Аҳмадий Шаҳобиддин” чорвачилик фермер хўжалиги ташкил этилди.

Ёш фермер “Yoshlar – kelejagimiz” жамғармаси Боёвут тумани филиалининг 800 миллион сўм кредити эвазига Германиядан 33 бош наслли қора мол олиб келди. Бугун ўша қорамоллар сони 66 бошга етди. Бу лойиҳа сабаб 4 нафар тенгқурини доимий иш ўрни билан таъминлади. Эндиликда у хориждан замонавий сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш цехи келтириб ўрнатишни мақсад қилган. Бу яна 15-20 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА​​
3 145