Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 15:29 Чоп этиш версияси

Ёш фермерлар сафи кенгаймоқда

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги “Фарадис хирмони” фермер хўжалигида ёш тадбиркор ва фермерларнинг муаммолари, таклиф ва истакларини ўрганишга бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоят ҳокимлиги вакиллари, тижорат банклари ходимлари, вилоятда фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар ва фермерлар иштирок этди.

Мулоқотда ёш тадбиркор ва фермерларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни жойида ҳал этиш, фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уюшмаган ёшларни ҳудудларда ташкил этилган иқтисодий саноат зоналари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида ёш фермер ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

– Хўжалигимиз тасарруфида 75 гектар ер бор. Пахта ва ғалла етиштиришдан ташқари чорвачилик, паррандачилик ва боғдорчилик билан ҳам шуғулланамиз, – дейди Оққўрғон туманидан “Покиза М” фермер хўжалиги раҳбари П.Каримова. – Жорий йилда ғалла бўйича шартнома режасини ортиғи билан бажардик. Ғалладан бўшаган ерларга дуккакли экинлар экдик. 6 гектар боғимиздаги олхўри дарахтлари орасига сабзавот экинлари экилган. Айни пайтда ўз маблағимизга 300 тонна мева-сабзавот сақланадиган махсус музлаткич қурмоқдамиз.

Тадбир давомида фермерлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича бозор инфратузилмаси субъектлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ходимлари билан суҳбатлар ўтказилди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида ёш фермерлар фаолиятидаги муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳудудлар кесимида бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши томонидан мамлакатимизда ёшлар ўртасида фермерлик фаолиятини кенг тарғиб қилиш, ёш фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатда кўп тармоқли фермер хўжаликларига кўмаклашиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликда учраётган муаммо ва камчиликларни биргаликда ҳал этиш, илғор хориж тажрибасини ўрганиш, соҳага кенг жорий қилишда амалий ёрдам кўрсатиш масалалари ўз ифодасини топган.

А.Мусаев, ЎзА
4 004






Все о погоде - Pogoda.uz