ЎзА Ўзбек

01.08.2019 Чоп этиш версияси

Ёқилғи-энергетика ресурсларига нарх ва тарифларнинг ўзгариши

Ёқилғи-энергетика ресурсларига нарх ва тарифларнинг ўзгариши


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 633-сонли қарорига мувофиқ, энергия тарифларини республиканинг ёқилғи-энергетика саноатининг зарар кўрмаслигини таъминлайдиган даражада белгилаш ва соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида 2019 йил 15 августдан солиқларни ҳисобга олган ҳолда энергия ресурслари учун янги нарх ва тарифлар белгиланади:

1. Электр энергия 1 кВт/ соатга:

аҳоли учун – 295 сўм (18% га ошиш);

юридик шахслар учун – 450 сўм (36% га ошиш);

2. 1 м3 табиий газ:
аҳоли учун – 380 сўм (19%га ошиш);
АГНКС – 1000 сўм (25% ошиш);
рўйхат бўйича энергияга талаб катта корхоналар учун – 1000 сўм (ўзгаришсиз);
бошқа истеъмолчилар учун – 660 сўм (10% га ошиш);

3. Кундалик ҳаётда фойдаланиш учун 1 кг суюлтирилган газ– 1120 сўм(18% ошиш);

4. Автомобиль бензини:
1 литр Аи-80 – 4500 сўм (13% ошиш);
1 литр Аи-91 – биржа савдоси орқали сотиш (ихтиёрий нарх);

5. 1 литр дизель ёнилғиси – 5400 сўм (13% ошиш);
1 литр ЭКО дизель ёнилғиси – 5700 сўм (16% ошиш);

Бундан аввал электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, автомобиль бензини, дизель ёнилғиси учун нарх ва тарифлар 2018 йил 16 ноябрда белгиланган эди.

Бундан ташқари, 2019 йил 15 августдан кўмир нархини ҳамда иссиқлик ва сув таъминоти, канализация ва давлат йўловчи ташиш транспортларида (йўналишли ва масофавий таксидан ташқари) йўловчи ташиш учун тарифларни ошириш кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, тарифларни ошириш ички бозордаги нархларни жаҳондагига яқинлаштириш эмас, балки корхоналарнинг зарарига ишламасдан, давлат ёрдамисиз, мустақил равишда, мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлиги учун стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишига эришиш чорасидир.

Ҳозирги кундаги нархлар билан ушбу соҳаларга хусусий инвесторларни жалб қилиб бўлмайди. Бу тарифларни зарар кўрмаслик нуқтасигача ошириш зарурлигини яна бир бор исботлайди, буни амалга ошириш ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга сармоя киритишга имкон беради.

Шунга қарамасдан, бунинг оқибатларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 июлдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида“ги фармонига мувофиқ жорий йилнинг 1 августидан бошлаб энг кам иш ҳақи 10 фоизга оширилди.

Энергия ресурслари учун тарифларнинг ошиши ҳисобига уй хўжаликларининг ўртача ойлик харажатлари қанчага кўпайиши борасида мисоллар келтириш мумкин.

300 кВт/соат миқдорда электр энергиясидан фойдаланилганда – 13 500 сўмга;

250 м3миқдорда табиий газдан фойдаланилганда – 15 000 сўмга;

ойига 60 литр бензиндан фойдаланилганда – 30 000 сўмга кўпаяди.

Умумий харажатлар ойига 58 500 сўмга ошади, бунда биринчи зарурий маҳсулотлар учун харажатлар 28 500 сўмга ошади.

Энергия истеъмолининг асосий меъёри аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун энергия харажатларини камайтиришни таъминлайдиган тарифларни тартибга солиш усулларидан бири эканлигини айтиб ўтиш лозим. Негаки энергия ресурсларидан оз миқдорда фойдаланганлар маҳсулот бирлигига ресурслардан кўпроқ фойдаланганларга қараганда камроқ пул тўлайдилар.

Ўзбекистон Республикасида энергия истеъмолининг базавий ставкаси 2019 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жорий қилинган эди. Ойлик электр энергияси истъемоли 1 абонент учун 300 кВт/соатни, иситиш мавсумида индивидуал иситиш тизимига эга уйларда табиий газ истеъмоли 1000 м3, бошқа ҳолларда 250 м3 ни ташкил этади.

Ушбу меъёрни жорий қилишдан мақсад, энергияни тежаш ва энергия самарадорлиги масалалари борасида аҳоли менталитетини ўзгартириш ҳамда истеъмолчиларни энергия манбаларидан тежамли ва оқилона фойдаланишга ундаш орқали электр энергияси истеъмолини камайтиришдир.

2019 йилнинг биринчи ярмида республика бўйича электр энергиясини истеъмол қилиш таҳлили аҳолининг 83,5 фоизи ойига 300 кВт/ соатдан кам энергия истеъмол қилишини, бунда ўртача ҳисобда битта абонентга 95 кВт/соат тўғри келишини кўрсатди. Аҳолининг қолган 16,5% ойига ўртача 1034 кВт / соат истеъмол қилади.

Бундан ташқари, 2018 йилда хусусий уйларда ўртача ойлик табиий газ истеъмоли 1 абонентга (хусусий уйларда 346 м3 ва кўп қаватли уйларда 44 м3) 250 м3 ни ташкил этганини таъкидлаш керак.

Юқоридаги фармонда тегишли вазирлик ва идораларга 1 абонентга ойига 250 кВт/соат электр энергиясини истеъмол қилиш учун кўпайтирувчи (1,5 дан кўп бўлмаган) коэффицентни белгилашни кўзда тутган ҳолда, истеъмол қилинадиган базавий энергия механизми ва ҳажми тўғрисида уларни кейинчалик мамлакат миқёсида жорий этиш учун таклиф киритиш топшириғи юклатилган.

Айни пайтда республикада энергия учун нархлар ва тарифлар уларни ишлаб чиқариш ва истеъмолчига етказишга сарфланадиган харажатларни қопламаяпти.

МДҲ мамлакатларида табиий газнинг 1м3 учун тарифлар қуйидагича:

Ўзбекистон Республикасида аҳоли учун 3,7 АҚШ центи, Россия Федерациясида 9,1 цент, Қозоғистонда 8,5 цент, Қирғизистонда 20,7 цент, Тожикистонда 24,9 цент;

Ўзбекистон Республикасида юридик шахслар учун 7,0 цент, Россия Федерациясида 12,3 цент, Қозоғистонда 9 цент, Қирғизистонда 25,4 цент, Тожикистонда 28.4 АҚШ цент;

1 кВт / соат электр энергиясининг тарифлари қуйидагича:

Ўзбекистон Республикасида аҳоли учун 2,9 цент, Россия Федерациясида ўртача 5,8 цент, Қозоғистонда истеъмол ҳажмига қараб 4,6-7,6 АҚШ цент, Қирғизистонда истеъмол ҳажмига қараб – 1,1-3,2 цент, Тожикистонда 1,8 цент;

юридик шахслар учун Ўзбекистон Республикасида – 3,9 цент, Россия Федерациясида – 8,0 цент, Қозоғистонда – 5,1 цент, Қирғизистонда – 3,3 цент, Тожикистонда – 4,4 цент;

1 литр бензин нархи Ўзбекистон Республикасида:
Аи-80 – 47 цент, Аи-91 – 53 цент, Россия Федерациясида: Аи-91 – 64 цент, Қозоғистонда: Аи-80 – 25 цент, Аи-91 – 44 цент, Қирғизистонда: Аи-80 – 59 цент, Аи-91 – 63 цент, Тожикистонда Аи-91 – 98 центни ташкил этади.

Бироқ, энергия нархлари таққосланиши ҳар доим ҳам аниқ жавоб бермайди. Масалан, Тожикистон ва Қирғизистонда электр энергиясининг нархи деярли доим Ўзбекистондагига қараганда пастроқ бўлади. Сабаби у давлатларда электр энергияси гидроэнергетика ресурсларидан фойдаланишга асосланган (қарийб 90%), Ўзбекистонда эса электр энергияси асосан кўмир ёки газдан фойдаланиладиган иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади.

Нефть ва газ билан ҳам деярли шундай ҳолат. Масалан, Қозоғистон ва Туркманистонда ушбу турдаги хомашёнинг ер юзига ёки денгиз сатҳига яқинда жойлашган улкан конлари мавжуд ва уларни қазиб олиш Ўзбекистонга қараганда нисбатан осонроқ. Шу билан бирга, ўзбек гази олтингугуртнинг юқори миқдори билан ажралиб туради ва қўшимча тозалашни талаб қилади, бу эса унинг таннархига таъсир қилади.

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги матбуот хизмати


12 321
ЎзА