Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 22:41 Чоп этиш версияси

Япониялик инвесторлар янги лойиҳаларни амалга оширмоқда

Япониялик инвесторлар янги лойиҳаларни амалга оширмоқда
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида “Япония – Ўзбекистон Буюк ипак йўли” фондининг ташқи савдо, инвестициялар ва инфратузилма бўйича ишчи гуруҳи раиси Мамору Секияма бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан Япониянинг “Toyo Engineering Corporation”, “Marubeni Corporation” компаниялари ўртасидаги ҳамкорликнинг улкан самараси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва "Шўртан" газ-кимё мажмуаси фаолиятида ўзининг ёрқин ифодасини топаётгани таъкидланди. 

Ўзбекистон саноатида Япония технологияларидан унумли фойдаланилмоқда. Айниқса, “Синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси доирасида “Hitachi” компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган Фишер-Тропш реакторлари газ-кимё тармоғи ривожида қўл келмоқда.

Япониялик ҳамкорлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг инвестицион лойиҳаларида иштирок этишга тайёр эканини маълум қилди. Инвесторлар газ-кимё мажмуаларини жиҳозлар билан таъминлашга қизиқиш билдирмоқда.

Музокара якунида биргаликда нефть-газ саноати соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини батафсил ўрганиш, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олинди.

ЎзА