Январь ойида Ўзбекистонда қурилиш-монтаж ишлари ҳажми қисқарди
Давлат статистика қўмитаси ҳисоботидаги кўрсаткичлар шундан гувоҳлик бермоқда.
2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистонда 1 триллион 966 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,1 фоизга камайди. Давлат статистика қўмитаси ҳисоботидаги кўрсаткичлар шундан гувоҳлик бермоқда.
Навоий вилоятида "Амударё-Зарафшон" сув қувури учинчи линияси насос станцияларини реконструкция қилиш, "Кўкпатас" ва "Даугизтау" конларини қазиб олиш технологиясини такомиллаштириш эвазига республика бўйича қурилиш ҳажмининг энг юқори даражаси мазкур вилоятда қайд этилган бўлса, кейинги ўринни кўприк ва метро линиялари, темир йўл халқаси бунёд этилиши, Тошкент педагогика институтининг реконструкция қилиниши ҳисобидан Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди.
Қурилиш ишлари 2018 йилнинг дастлабки ойида, шунингдек, Наманган вилоятида ҳам юқори ўсиш суръатлари қайд этилган. Бунга асосан Чуст ва Уйчи туманларида кўприк қурилиши, Норин дарёси ҳудудида автомобил йўлларини капитал таъмирлаш ва кўприк қурилиши эвазига эришилган.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қурилиш ишлари ҳажмининг камайиши Бухоро вилоятида (95,3%, ёки 170,1 млрд.сўм), Хоразм вилоятида (96,1% фоиз ёки 82,0 млрд.сўм) қайд этилди.
Республикада амалга оширилган қурилиш ишлари ҳажмидаги улуши бўйича энг паст кўрсаткичлар Сирдарё (1,9 фоиз), Жиззах (4,2 фоиз) ва Хоразм (4,2 фоиз) вилоятларида қайд этилган.