Янгилик: Ўзбекистонлик академик ҳар бир маҳаллада “Ўсимликлар клиникаси”ни очмоқчи. Энди картошка касалланмайдими?!
Лойиҳа ташаббускори, Тошкент Давлат аграр университети ректори, академик Ботиржон Сулаймонов ЎзА мухбирига хизматнинг аҳамияти ҳақида гапириб берди.
Ўзбекистонда ўсимлик зараркунандалари ва касалликлари билан асосан фермер хўжаликлари шуғулланиб келмоқда. Шахсий томорқа хўжаликларида уларга қарши курашишнинг йўлга қўйилмагани оқибатида катта далалардан «қувилган» ҳашаротлар кўп ҳолларда бу жойларда жон сақлаб яна кўпайиб кетмоқда.
Бунинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда биринчи марта “Ўсимликлар клиникаси” хизмати йўлга қўйилмоқда. Лойиҳа ташаббускори, Тошкент Давлат аграр университети ректори, академик Ботиржон Сулаймонов ЎзА мухбирига хизматнинг аҳамияти ҳақида гапириб берди:
– Юртимизда ҳар йили зараркунандалар ва турли касалликлар туфайли қишлоқ хўжалигида ҳосилнинг 30-35 фоизи нобуд бўлади. Биргина сабзавотларнинг 8 фоизидан кўпроғи шу сабаб йўқотилади.
АҚШ, Голландия, Германияда сингари ривожланган мамлакатларда хизматлар аллақачон оммалашган бўлиб, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги универсетитлар қошида ташкил этилган.
Ҳозирда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида тажриба тариқасида ташкил этилган янги хизмат турини келгусида ҳар бир маҳаллада ташкил этиш кўзда тутилган. Ҳар бир маҳаллада тўрт нафардан ходим ишлайди.
«Ўсимликлар клиникаси» хизмати одамларнинг томорқасида учраётган зараркунанда ва касалликлар турини, зарарлаш даражаси ҳамда уларга қарши самарали кураш чоралари бўйича йил давомида хизмат кўрсатади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги хизматнинг йўлга қўйилиши натижасида шахсий томорқа хўжаликларидаги 40 фоиз ҳосилдорлик сақлаб қолинади.