Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 15:45 Чоп этиш версияси

Банкларда турникет ва қоровуллар хизматидан воз кечилди

Банкларда турникет ва қоровуллар хизматидан воз кечилди
Яқин-яқингача халқ орасида банк хизматларидан норозилик кучли эди. Оддатда муаммо, банк биносининг кириш эшигидан бошланарди. Эшик олдида кутишлар билан бошланган асаббузарлик ходимлар билан муносабатга ҳам салбий таъсир кўрсатиши эса табиий.

Энди... Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида банк тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда. Уларнинг турлари кенгайтирилиб, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик таъминланмоқда.

Ҳа, очиқлик бўлганда нима? мижозларни гуллар билан кутиб олишадими? ёки борган одамга мана сенга дея, пул беришадими? Балки...

Шу жойда бир оз тўхтаб, нафас ростланган. Сиз киноя қилган даражада бўлмасада, тизимда янгича ўзгаришлар кузатилмоқда. Янгиликлар ва мижозларга яратилган қулайликлар ҳақида билиш учун «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Тошкент вилоят минтақавий филиалига кириб бордик.

6.JPG

Ҳеч ким йўлимизни тўсмади. Эшикдан киришдаги тўсқинлар олиб ташланган. Кириш эшигининг ўнг томонида иккита банк ходими бизни кутиб олди. Янги ташкил этилган - «Мижозга хизмат» ахборот марказининг ходимлари мижозларни кутиб олгач, кўрсатилаётган банк хизматлари тўғрисида дастлабки маслаҳатларни беришар экан. Келишимиз сабабини билгач, улар бизга ушбу марказнинг иш фаолияти ҳақида сўзлаб беришди: 

« - Мижозлар милициянинг ёнида рухсатнома кутиши, телефон қилиб кимдир олиб чиқиб кетишини кутиб қолиши кўп вақтни оларди. Биринчи келган мижозлар кимга, қандай мурожаат қилишни билмай туриб қолиши ҳам бор гап. 

7.JPG

Энди бундай ҳолатларга чек қўйилади. Биз банкка келаётган мижозларни барча саволларига жавоб берамиз. Уларни тегишли мутахассис билан учрашишини таъминлаймиз. Банкимизда тадбиркорлар хонаси, жисмоний шахсларни қабул қилиш хонаси мавжуд. Мижозлар агарда кутиб қолишса, уларга чой, минерал сув, кофе ва ширинликлар таклиф қиламиз.

Бизга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро мижозга айланиб, ушбу банк унинг барча муаммоларини ҳал қила олишига ишонч ҳосил қилиши керак. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 23 мартида қабул қилинган «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарорига кўра дастлабки рухсатларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз мижозларга бевосита хизмат кўрсатилмоқда».

- Қарийб ўн йилдан буён ушбу банк мижозиман,-дейди Бўка туманидаги «Агро бунёдкор қурилиш» корхонаси директори Асадулла Насибов.- Бугун келиб, кириб-чиқишнинг бемалол бўлганига ҳайрон бўлдим, тўғриси. Вазиятни билгач, ҳақиқатдан ҳам мижоз банк  учун эмас, банк мижоз  учун тамойили ҳаётда ўз ифодасини топганига хурсанд бўлдим.

Дарҳақиқат, дастлабки рухсатлар олишнинг саноқсиз тартиб-таомилларининг бартараф этилиши, “банк”дек муассасага мижознинг ҳужжатсиз кириши, ундан ташқари маслаҳатлар хизматлари очиқлигининг таъминланаётгангини эътиборга оладиган бўлсак, биз том маънода “янги банк маданияти”нинг шаклланишига тамал тоши қўйилганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

1.JPG

Яна бир гап. Бундай очиқлик нафақат «Қишлоқ қурилиш банк»да балки юртимиздаги ҳар бир молия муассасасида таъминланган.

Сайёра Шоева, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
7 229