ЎзА Ўзбек

17.05.2019 11:45 Чоп этиш версияси

“Янги Ургут” замонавий канал бўлади

“Янги Ургут” замонавий канал бўлади

Самарқанд туманидаги “Наврўз” насос станцияси 1986 йилда фойдаланишга топширилган. Дарғом каналидан 90 метр баландликка сув чиқариб берадиган ушбу гидроиншоот орқали тумандаги 4000 гектар ер суғорилади.

Бу ерда ўрнатилган 6 та насос агрегатининг ҳар бири дастлабки пайтларда секундига 1 куб метр сув чиқарган бўлса-да, кейинчалик бу кўрсаткич кескин камайиб кетган.

– 30 йилдан ортиқ вақт давомида насослар бирин-кетин ишдан чиқиб, сўнгги вақтда иккитагина агрегатдан фойдаланаётган эдик, – дейди “Наврўз” насос станцияси бошлиғи Меҳрож Жўраев. – Уларнинг самарадорлиги ҳам белгиланган меъёрдан бир неча баробар паст эди. Табиийки, бу туманимиз қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатар, сув етишмаслигидан фермерлар мўлжалдаги ҳосилни ололмай келарди. Президентимизнинг 2017 йил 27 ноябрдаги қарори билан 2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурининг тасдиқланиши бу муаммога ечим бўлди. Ушбу дастурда бизнинг насос станциямизни ҳам реконструкция қилиш белгиланган эди.

photo5397786568741202599.jpg

Дастурга кўра, 2018 йил октябрь ойида “Самарқандсувқурилишинвест” давлат унитар корхонаси буюртмаси асосида пудратчи – “Сувмаш” акциядорлик жамияти томонидан объектни реконструкция қилишга киришилди.

– Олдимизга станциядаги 4 та насос ва двигателни янгисига алмаштириш, электр тизимларини тўлиқ янгилаш ва бошқа гидроиншоотлар қуриш вазифалари қўйилган эди, – дейди “Сувмаш” акциядорлик жамияти иш юритувчиси Бахтиёр Ҳожиев. – Бу ишларни 2019 йил сентябрь ойигача бажаришимиз керак. Лекин ҳозиргача барча асосий ишлар бажарилди ва реконструкция ишларини муддатидан аввал якунлаймиз. Хориждан энерготежамкор, замонавий ускуна ва технологиялар келтириб ўрнатдик. Айни пайтда секундига камида 1 куб метр сув чиқарадиган тўртта насос фойдаланишга шай ҳолатда турибди. Ускуналардан узоқ муддат ва самарали фойдаланиш мақсадида Дарғом каналидан олинадиган сувни тинитиб, сўнгра агрегатларга узатиш тизимини жорий қилмоқчимиз. Бу насосларнинг қумга тўлиб қолишининг олдини олиб, сув чиқариш қувватини оширади. Эътиборлиси, эндиликда насос станцияси Самарқанд ва Нуробод туманларидаги 5 минг гектар ерга сув етказиб бериш қувватига эга бўлади.

photo5397811616990472750.jpg

2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурида Самарқанд тумани ҳудудидаги “Янги Ургут” каналининг 9 километр қисмини бетон қоплама қилиш ҳам белгиланган эди. Бугунги кунда мазкур объектда ҳам қурилиш ишлари якунига етмоқда.

– 1974 йилда қурилган ушбу канал 11 минг 400 гектар майдонга сув етказиб беришга мўлжалланган, – дейди “Самарқандсувқурилишинвест” давлат унитар корхонаси директори Ғайрат Отаёров. – Аммо кейинги йилларда кузатилган сув тақчиллиги ҳамда суғориладиган экин майдонларининг кенгайиб бориши туфайли канал бу эҳтиёжни қондира олмади. Қолаверса, бир неча километр масофадан келтиргунча сувнинг исроф бўлиш кўрсаткичи ошиб кетаётган эди. Шу сабабли канални бетон қоплама қилиш муаммонинг энг оқилона ечими деб топилди. Ўтган йил объектнинг 4,5 километрида белгиланган қурилиш ишлари бажарилди. Бу йил бошидан буён каналнинг 2,5 километри бетон қилинди. Мазкур объектни ҳам муддатидан аввал фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА
2 308