Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 16:50 Чоп этиш версияси

Янги технологиялар сабзавотчиликка

Андижонда сабзавотчиликни ривожлантириш, соҳага янги технологияларни жорий этиш, томорқадан унумли фойдаланиш, сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва экспорт ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Андижон вилояти ҳокимлиги, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда мутахассислар, олимлар, сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги, хусусан, сабзавотчиликни ривожлантириш, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши ва қўшимча даромад топиши учун кенг имкониятлар яратишга қаратилаётган эътибор халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Янги технологиялардан самарали фойдаланиш сабзавот маҳсулотлари сифати ва ҳосилдорлигини оширишнинг муҳим омилидир, – дейди Андижон вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи А.Сулаймонов. – Тадбирда бу борадаги илғор тажрибаларни ўрганиш, амалиётга жорий этиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар саримсоқпиёз 1 гектар майдонга одатдаги усулда экилса, сарф-харажат 20-25 миллион сўмга етади, уруғдан жойлаштириш технологияси бўйича бу харажат бор-йўғи 3-3,5 миллион сўмни ташкил этади. Қишки карам етиштиришда таклиф этилаётган янги технология анъанавий усулга нисбатан гектарига 2-2,5 миллион сўм иқтисод қилиш ҳамда 2-3 баробар кўп даромад олиш имконини беради.

Тадбир доирасида соҳага янги технологияларни татбиқ этиш бўйича таклиф этилган лойиҳалар кўргазмаси намойиш этилди. Андижон шаҳридаги “Осиё олтин уруғлари” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари илғор технологияларнинг афзаллиги ва иқтисодий самаралари ҳақида маълумот берди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 339






Все о погоде - Pogoda.uz