ЎзА Ўзбек

15.06.2020 Чоп этиш версияси

Янги лойиҳа водий вилоятлари аҳолисини узлуксиз электр билан таъминлайди

Янги лойиҳа водий вилоятлари аҳолисини узлуксиз электр билан таъминлайди

Энергетика вазирлиги тизимидаги «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Р.Мубаракшин бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида бўлиб, бу ердаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижросини ўрганиш жараёнида мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳал этишга аҳамият қаратди.

Қурилиши якунланиш арафасида турган 2 занжирли «Тўрақўрғон ИЭС – Юлдуз» нимстанцияси ҳаво линиясининг қурилиш ишлари ўрганилди. Бу ерда ҳаво линиясининг 347 металл таянчлари тўлиқ ўрнатилган бўлиб, узунлиги 100 километр бўлган узатиш кабелларининг монтаж ишлари ҳам якунига етказилган. Айни чоғда «Юлдуз» нимстанциясида монтаж-созлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида бунёд этилаётган юқори кучланишли ушбу электр узатиш тармоғи Наманган ва Андижон аҳолисини сифатли электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Ишчи гуруҳ Фарғона иссиқлик электр маркази фаолияти билан ҳам танишди.

Иссиқлик электр маркази Япония билан ҳамкорликда инвестицион лойиҳа асосида барпо этилмоқда. Бу ерда 17 МВт қувватга эга газ турбина қурилмасида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилаётир. Ҳозирги кунда марказда карантин талаблари асосида қизғин иш жараёни давом этмоқда.

– Асосий мақсадимиз лойиҳани самарали амалга ошириш, имкон қадар тезроқ, яъни йил якунига қадар фойдаланишга топшириш. Бу Фарғона вилояти аҳолисининг қўшимча электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади, – деди «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бошқаруви раиси Р.Мубаракшин.

Жараёнда Фарғона иссиқлик электр марказидан 17 километр узоқликда жойлашган 7 МВт қувватга эга газ турбина қурилмасининг ишлаши ҳам таҳлил қилинди. Мазкур қурилма 2019 йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, бугунги кунда Фарғона шаҳар аҳолисини иссиқлик ҳамда электр энергияси билан таъминлаб келмоқда.

Ишчи гуруҳ ҳар икки объектдаги қурилиш-монтаж ишларини ўрганиб, ушбу синовли кунларда куну тун меҳнат қилаётган ходимларни қўшимча рағбатлантириш, ижтимоий шароитини яхшилаш ва соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

6 048
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА