Янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли даромадлари ошади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони муҳокама қилинди.Иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш орқали жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга эришиш, хорижий сармояларни, аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш доимий эътиборда. Бундай вазифаларни амалга оширишда эркин иқтисодий зоналар муҳим ўрин тутади.
1996 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниб, инвестициялар жалб қилиш ва жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланиш имкониятлари кенгайтирилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси, «Ангрен» ва «Жиззах» махсус индустриал зоналари ташкил этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ яна тўртта эркин иқтисодий зона фаолияти йўлга қўйилади. Мазкур ЭИЗларда мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик, қурилиш материаллари каби бир қатор йўналишларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади.
– Эркин иқтисодий зоналарда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига турли имтиёзлар, қулайликлар яратилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элбек Шукуров. – ЭИЗ ҳудудларида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режими амал қилади. Тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланишида қулайликлар яратиш мақсадида «ягона дарча» тамойили бўйича рухсатномалар берилиши йўлга қўйилади.
Фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. У Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги фармони билан тасдиқланган тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг 25-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилишни янада кучайтириш, мазкур тоифадаги маъмурий ишларнинг янада адолатли ва холис кўриб чиқилишини таъминлашга хизмат қилади. Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.