ЎзА Ўзбек

31.10.2012 13:51 Чоп этиш версияси

Янги имтиёз ва имкониятлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил 16 июлда қабул қилинган “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари тадбиркорлар учун кенг имкониятлар, имтиёз ва қулайликлар яратди.

Юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасида хусусий тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, эркин фаолият юритишлари учун ҳуқуқий имтиёзлар беришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бунинг натижасида мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши таъминланмоқда, аҳоли реал даромадининг ошиши ва турмуш даражасининг юксалишига эришилмоқда.

Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Статистика бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озод Ибраймов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчиларга яратилаётган кенг имкониятлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасида юридик шахс мақомига эга бўлган кичик бизнес субъектлари 2000 йилда 8 минг 692 тани ташкил қилган бўлса, 2011 йилда уларнинг сони 21 минг 314 тага кўпайди ва иқтисодиёт тармоқларидаги улуши сезиларли даражада ортди. Бу кўрсаткич 2005 йилда 21,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2011 йилда 42,1 фоизга етди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда тадбиркорликни янада ривожлантиришга йўналтирилган муҳим фармонларнинг қабул қилингани хусусий тадбиркорликнинг юксалишини таъминлаш билан бирга мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши учун замин яратиб беради.

Президентимизнинг “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 65 хил давлат статистика ҳисоботларининг шаклларини ва 23 хил ҳисоботларнинг топшириш муддатларини қисқартириш кўзда тутилган. Хусусан, 2013 йилдан бошлаб кичик бизнес субъектлари учун ҳисоботлар тизими сезиларли даражада қисқаради. Яъни, микрофирмалар томонидан бир йилда 4 марта ўрнига 1 марта, фермер хўжаликлари томонидан 5 марта ўрнига 3 марта давлат статистика ҳисоботлари топширилади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармонида жорий йилнинг ўзида 12 хил ҳисобот бўйича ўзгартириш киритиш белгиланган. Яъни, шу йил 1 июлдан бошлаб ҳар ойда топшириладиган 7 хил ҳисоботлар йилнинг ҳар чорагида топшириладиган бўлди. Ҳар чоракда топшириладиган ҳисоботлар янада соддалаштирилиб, йил якуни бўйича топширилиши белгилаб қўйилди. Мавсумий ҳисоботлар эса бутун мавсум давомида эмас, балки мавсум бошланиши ва якунланишида топширилиши кўрсатилди.

Шунингдек, фармонда ҳисобот топширишни электрон тизимга ўтказиш ҳам алоҳида вазифа сифатида белгиланган. Унга кўра, тадбиркорлар барча турдаги ҳисоботларни 2014 йилдан бошлаб электрон вариантда топширадилар. Бугунги кунда интернет тармоғидаги Давлат статистика қўмитасининг махсус сайти орқали Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2 минг 588 корхона ва ташкилот, шу жумладан 1 минг 56 тадбиркорлик субъекти 34 давлат статистика ҳисоботларини электрон шаклда топширмоқда.

Президентимизнинг “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёз ва қулайликлар яратиб берилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини бошлаётганлар илгари статистика идораларига ариза билан мурожаат қилиб, жавобини 2 иш кунида, 2011 йилдан бошлаб эса саккиз соат давомида олган бўлса, энди тўрт соат ичида олиши белгиланди. Статистика идораларида аризаларни интернет орқали электрон шаклда кеча-кундуз қабул қилиш ташкил этилди.

Бундай шарт-шароитлар, яратилаётган кенг имкониятлар тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.


ЎзА, А.Ортиқбоев
9 887